Ўзбекистон | 12:24 / 19.10.2021
968
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади - Шавкат Мирзиёев

Тошкентда 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Жорий йилда пойтахт аҳолиси билан учрашганимда маҳаллаларни обод қилиш бўйича олдимга кўплаб муаммоларни кўтариб чиқишди. Буларни ҳал қилиш учун ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм берилгани, маблағлар жамоатчилик таклифлари ва уларнинг бевосита назорати остида сарфланаётгани ўз самарасини берди.

Ушбу тажрибани тизимли давом эттириб, ажратилаётган маблағларни янада кўпайтирамиз. Бунинг учун 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу шаҳар бўйича қарийб 600 миллион доллар маблағ деганидир.

Бунда, ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида, очиқ ва шаффоф “Фуқаролар бюджети” тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади. Яна 5 миллиард сўми эса маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Ушбу маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.

Умуман олганда, Тошкент шаҳар ҳокимлигида Пойтахт иқтисодиёти ва урбанизация масалалари билан тизимли шуғулланадиган илмий марказ очилади. Ушбу марказ аҳоли орасида доимий сўровлар ўтказиб, мавжуд муаммоларнинг илмий ечимларини ишлаб чиқади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид