Спорт | 12:35 / 20.10.2021
26795
17 дақиқада ўқилади

Месси Париж учун голлар урмоқда, Гризманнда дубль ва четлатиш, «Реал» қасос олди. ЕЧЛ ўйинлари

Сешанба оқшомида Чемпионлар лигасининг тўрт гуруҳида 3-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Голларга бой ўтган 8 ўйинда жами 35та гол урилди, «Сити» ва «Реал» рақибларига 5тадан гол уришди.

Фото: Getty Images

«ПСЖ»да характер пайдо бўлди

А гуруҳи
«ПСЖ» — «Лейпциг» — 3:2 (1:1)
Голлар: Мбаппе, 9. Месси, 67, 75, пенальти — Андре Силва, 28. Мукиеле, 57.
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Мбаппе, 90+4 (хато).

Кичик жароҳат туфайли Неймар ҳамда оилавий можаролари туфайли Икарди иштирок эта олмаса-да, Париждаги юлдузлар жамланмаси бу йўқотишларни сездиришмаслиги тайин эди, қолаверса парижликларнинг собиқ юлдузи Роналдиньо ҳам «Парк де Пренс»да эди. Чигалёзди машғулоти вақтида бразилиялик дўстини кўриб қолган Месси дарҳол унинг олдига келди ва у билан қуюқ сўрашди.

Ўз навбатида, рақиблар ҳам ўйинга жиддий тайёргарлик кўришгани кўринди. Ўйин бошидаёқ Мбаппе ўзига хос тарзда олдинги чизиқда очилиб ҳисобни очди, аммо стартдаги икки ўйинда мағлуб бўлган «Лейпциг» («Брюгге»га 1:2, «Манчестер Сити»га 3:6) олдинга ташланди, Андре Силванинг илк зарбаси устундан қайтди, португалиялик ҳужумчи иккинчи уринишда ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлим бошида ҳисоб 1:2 кўринишига келтирилди, бу ҳолат «ПСЖ»да Мессининг трансферидан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармагани ҳақидаги фикрлар янграй бошлашига сабаб бўлди, аммо Лео Мбаппе билан ҳамжиҳатликда танқидчиларнинг оғзини ёпишди. Килиан аввалига аргентиналик футболчига ассист амалга оширди, кейин пенальти ишлади ва тўпни Месси тепиши кераклигини кўрсатди. Месси эса ҳисоб қалтис бўлиб турган вазиятда зарбани «паненка» услубида ижро этиб, Парижни ҳайратга солди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда аргентиналик футболчи ҳет-трик қилиши ҳам мумкин эди, аммо ўйиндаги иккинчи 11 метрлик зарбани ижро этиш Мбаппега берилди ва у тўпни трибуналарга қарата йўллади.

«Брюгге» — «Манчестер Сити» — 1:5 (0:2)
Голлар: Фанакен, 81 — Жоау Канселу, 30. Маҳрез, 43, пенальти, 84. Уокер, 53. Палмер, 67.

Хосеп Гвардиола ўйин арафасида Бельгия чемпионлари учун комплиментларни аямади ва жамоа футболчилари ажойиб жисмоний ҳолатда экани ва ҳужумкор футбол намойиш этишларини алқади. Аммо сешанба оқшомида бу сифатларни айнан «Сити» футболчилари намойиш этишди, икки жамоадаги ижрочилар савияси фарқи яққол кўриниб қолди. Бу ўйинда ҳатто аввал ЕЧЛда гол урмаган футболчилар — ҳимоячи Уокер ва Англия футболининг янги юлдузи, 19 ёшли ҳавбек Палмер ҳам ўз номларини таблога ёздириб қўйишди. Англия ёшлар жамоаси аъзоси бўлган ҳужумчи майдонга тушишидан икки дақиқа ўтиб мезбонлар дарвозасини ишғол этди, у билан бирга захирадан ўйинга қўшилган Стерлинг голли узатмани амалга оширди.

Палмер номи уикенддаги ўйинлар вақтида тилга тушганди - у шанба куни «Сити» сафида «Бёрнли»га қарши дебют ўйинини ўтказди, ўйиндан кейин ўринбосарлар жамоасига қайтиб майдонга тушди ва, ҳет-трик қайд этди.

3 ноябрь. «Манчестер Сити» — «Брюгге», «Лейпциг» — «ПСЖ».

Салоҳ — тарихга кирди, «Милан» — тубда

Фото: BERENGUI/GETTY IMAGES

В гуруҳи
«Атлетико» — «Ливерпуль» — 2:3
(2:2)
Голлар: Гризманн, 20, 34 — Салоҳ, 8, 78, пенальти. Кейта, 13.

Аввалига Диего Симеоне жамоаси ўйинга тайёр эмасдек кўринди, жамоанинг ла лигадаги сўнгги ўйини кейинроққа кўчирилганди - футболчиларнинг аксари Жанубий Америкадан, ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги ўйинлардан толиқиб қайтгани бунга сабаб бўлди. «Ливерпуль» эса ҳозирда юқори спорт формасида — 13-дақиқага келиб меҳмонлар икки гол уришга улгуришди. Мадридликлар асосий еврокубок ўйинларида ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаганди, лекин Салоҳ бу жамоа ҳимоячиларини бирин-кетин доғда қолдирди.

Ҳисобни очган мисрлик мерсисайдликларнинг қаторасига тўққиз ўйинда гол урган илк футболчисига айланди. Тўғри, бу ҳолатда УЕФА матбуот хизмати қарори саволларни туғдиради, Салоҳ зарба бергандан кейин тўп йўл-йўлакай Милнернинг оёғига тегиб дарвозага йўналганди, масалан, «Ливерпуль»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида гол муаллифи сифатида айнан англиялик футболчи кўрсатилди.

Фақат «матрасчилар» ва уруш учун қоп — бир хил нарса эмас. «Атлетико» «Ваньда Метрополитано»даги ўйин турнинг асосий ўйини мақомини оқлаши учун барча ишни амалга оширди. Танаффусга қадар Гризманн дублни расмийлаштирди, у учинчи голни ҳам уришга яқин эди, аммо яккама-якка вазиятда Алиссон унинг зарбасини бартараф этди. Француз футболчисининг ҳет-трик ҳақидаги орзуларини қизил карточка бартараф этди, форвард тўп учун кураш вақтида Роберто Фирминьонинг юзига бутсасининг остки қисми билан зарба бериб юборганди.

Натижада германиялик арбитр Даниэль Зиберт иккинчи бўлимдаги асосий фигурага айланди. Гризманнга қизил карточка кўрсатишдан ташқари у испанлар дарвозасига пенальти белгилади ва Салоҳнинг голли серияси бўйича баҳсларга ҳожат қолмади. Ҳакам ўйин охиригача «Атлетико»ни яна бир бор ғазаблантирди, у дастлаб Хименеснинг йиқилишидан кейин меҳмонлар дарвозаси томон 11 метрли жарима зарбаси белгилаганди, аммо видеотакрордан кейин қарорини бекор қилди. Куннинг энг муҳим учрашуви кутилганидек энг ёрқин ва эҳтиросларга бой ўйин бўлиб чиқди.

«Порту» — «Милан» — 1:0 (0:0)
Гол: Диас, 65.

Миланликларнинг Чемпионлар лигасига қайтиши муваффақиятсиз чиқмоқда, клуб янги даражага ҳали тайёр эмасдек кўринмоқда. Таркибдаги кўплаб йўқотишлар ҳам Стефано Пиоли учун баҳона бўлолмайди, бу жамоа ҳатто «Порту» фонида ҳам жуда кучсиз кўринди. Анчадан буён каттароқ клубга ўтиши кераклиги айтиладиган Диаснинг ажойиб голи — мантиқнинг тантанаси бўлди. Ибраҳимович ва унинг жамоадошлари эса арбитрни колумбиялик футболчига ассистентлик қилган Торимий қоида бузганига ишонтириш учун бесамар ҳаракат қилишди.

Якунда Златан майдондан четлатилиши ҳам мумкин эди, унинг бутсаси тишлари Мбембанинг бошига тегди, аммо ҳакам огоҳлантириш бериш билан чекланди.

REUTERS/Pedro Nunes

Яъни худди шундай вазиятда Гризманн четлатилганди, швед эса — йўқ. Ўйинни тўлиқ таркибда давом эттирганига қарамай «Милан» ўз тарихида илк бор ЕЧЛ гуруҳ босқичини қаторасига уч мағлубият билан бошлади ва гуруҳ турнир жадвалининг энг сўнгги ўрнига жойлашди.

3 ноябрь. «Милан» — «Порту», «Ливерпуль» — «Атлетико».

Сеҳрли «Аякс»

С гуруҳи
«Аякс» — «Боруссия» Д — 4:0
(2:0)
Голлар: Ройс, 11, автогол. Блинд, 25. Антони, 57. Аллер, 72.

Икки ёрқин ва ҳужумни биринчи ўринга қўядиган жамоалар тўқнашуви кутилмаган воқеа билан бошланди — жорий мавсумда иккинчи ёшлигини ўтказаётган Ройс Тадич жарима зарбасини ижро этганида боши билан ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Буни тасодифий ҳолат деб қабул қилиш мумкин эди, аммо «Аякс» ўйиннинг қолган вақтида ҳам майдонда тўлиқ устунлик намойиш этди ва дортмундликлар ўйиндаги илк зарбасини биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларга келибгина йўллай олишди. Бунгача мезбонлар Блинднинг суперголи эвазига устунликни иккитага оширишганди.

Иккинчи бўлим бошида эса Пасвер яккама-якка ҳолатга чиқиб келган Ҳоланднинг зарбасига бармоқларини қўйиш орқали тўп дарвоза тўсинига теккан ҳолда майдондан чиқиб кетишини таъминлади. Эҳтимол, бу учрашувнинг ҳал қилувчи палласи эди. Баъзида тўпни куч билан эмас, нозиклик билан узоқ бурчак сари йўллаш қанчалар тўғри бўлишини Антони кўрсатиб берди.

«Аякс» мавсумни кучли ўтказаётганининг яна бир исботи сифатида айни вақтда турнирнинг энг яхши тўпурари 6 гол уришга улгурган Аллер эканидан ҳам билиш мумкин. Унинг ўйинда якуний натижани ўрнатган голидан кейин «Боруссия» ЕЧЛдаги энг оғриқли мағлубиятига рози бўлди.

«Бешиктош» — «Спортинг» — 1:4 (1:3)
Голлар: Ларин, 24 — Коатес, 15, 27. Пабло Сарабия, 44, пенальти. Паулиньо, 89.

Икки аутсайдерлар баҳсида португаллар кучлироқ чиқишди. Меҳмонлар ҳимоячиси Коатес икки марта бурчак зарбаси ижро этилган вақтда гол урди. Биринчи бўлим охирида тўп Виданинг қўлига текканидан кейин пенальти белгиланиши ўйиндаги интригага барҳам берди — эътиборли жиҳати бу вазият ҳам «Спортинг» бурчак зарбасини амалга оширганида рўй берди. Ўйин охирида Паулиньо тўртинчи голни урди ва португалияликлар Чемпионлар лигасидаги энг йирик ҳисобдаги ғалабасини нишонлашди. 36 ёшида ЕЧЛда клуб бош мураббийига айланган собиқ футболчи Рубен Аморим жамоасида иккинчи ўрин учун курашиш имконияти юзага келди.

3 ноябрь. «Боруссия» Д — «Аякс», «Спортинг» — «Бешиктош».

«Реал» бешта гол урди

D гуруҳи
«Шахтёр» — «Реал» — 0:5
(0:1)
Голлар: Кривцов, 37, автогол. Винисиус Жуниор, 51, 56. Родригу, 64. Бензема, 90+1.

Бир йил муқаддам «Шахтёр» ЕЧЛ тарихидаги энг шов-шувли сенсациялардан бирини қайд этганди — захира таркиби билан сафарда «Реал»ни мағлуб этган, биринчи бўлимни украинлар жамоаси 3:0 ҳисобидаги устунлик билан якунлашганди. Ўшанда жамоа футболчилари ўртасида коронавирус авж олган — асосий таркибнинг деярли барча футболчилари топширган тест мусбат натижа берган, шундай экан Мадридда муваффақиятга эришиш имкони деярли йўқ эди. Аммо «Шахтёр» ўша ўйинда ҳам ютган,  декабрда асосий таркиби билан муваффақиятни такрорлаганди.

«Реал» ўшанда украинларга икки бор ютқазиб ҳам, плей-оффга чиққан, «Шахтёр» эса учинчи ўринда қолиб иштирокини Европа Лигасида давом эттирганди. 

Жорий мавсумда донецкликлар жамоаси қийин даврни бошдан кечирмоқда. Бир йил олдин «Реал», «Интер» ва Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби ўрин олган гуруҳда айнан улар сенсациячи жамоа бўлган, ҳозир эса «Шериф» ўз тарихини ёзмоқда. «Шахтёр» ҳозирча фақат саралаш турнирида жасорат кўрсатиш билан чекланган, улар гуруҳ босқичига «Монако» билан учрашувлардаги муваффақият эвазига ўтишганди.

Сешанба оқшомида Роберто Де Дзерби жамоасига яна бир жасорат кўрсатиш зарур эди. Дастлабки икки турда улар фақат бир очко олишди ва энди уларнинг ўз уйида «Реал»га ютқазишга ҳаққи йўқ эди. Айнан шу сабаб «Шахтёр» илк ўн дақиқаликда гранд рақибга умуман тўпни бермади — бу ўн дақиқаликда мезбонларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 72 фоизни ташкил этди. Лекин шу даврда ҳам голли вазиятни мезбонлар эмас, меҳмонлар яратишди.

Умуман олганда, «Шахтёр»нинг ҳужумлари тизимли уюштирилмади. Улар тўпни олиб юришди, аммо дарвоза сари зарба беришга етиб бора олишмади. Бутун биринчи бўлим давомида мадридликлар дарвозасига бир мартагина зарба йўлланди.

Аниқроқ айтганда, танаффусга қадар «Шахтёр» футболчилари дарвоза сари икки бор зарба беришди, аммо шундан бири — ўз дарвозасига. 37-дақиқага қадар ўйинда ҳисоб очилмай турди, «Реал» ҳам зўр бериб ҳаракат қилмади. Ўйин темпи жуда паст эди, жамоалар танаффусни ёки биринчи голни кутишаётганди. Лекин гол танаффусдан олдин урилди — Кривцов рақиб ҳужумини тўхтатишда эҳтиётсизлик билан ҳаракатланди ва тўпни Трубин қўриқлаётган дарвозага киритиб юборди.

0:1 ҳисоби — умуман қўрқинчли эмасди. Аммо «Шахтёр»да вазиятни ўнглаш учун ҳам имкон йўқ эди. Жамоа бу ўйиннинг биринчи бўлимида ҳам, ундан аввалги икки турда ҳам ҳужумда ҳеч нарса қила олмаганди. Гуруҳнинг биринчи даврасида бирорта гол урилмади — Де Дзербидан буни кутишмагани аниқ.

Иккинчи бўлимда вазиятлар бўлди, аммо бунгача ҳисоб умидсиз кўринишга келиб бўлганди. «Шахтёр» мураббийи танаффусда ўйинчиларни алмаштириш орқали ўйинни ўзгартиришга уринди, аммо жамоа иккинчи бўлим бошида яна учта гол қўйиб юборди. Винисиус жуда ёрқин ўйин намойиш этди — 15 дақиқа ичида у икки гол уриб, бир бор Родригога ассистентлик қилди. Бразилиялик иккинчи голни уришда рақиб майдонида ҳимоячиларн истаган кўйига солди ва тўпни дарвоза тўсини остига кучли зарба билан йўллади.

Ҳисоб 0:4 ҳолатига келгач ўйин машғулот ўйинига айланиб кетди. «Реал» футболчилари аввалги голларда жонбозлик кўрсатган Бензема ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйиш учун тўпни асосан унга узатишди ва қўшимча дақиқаларда бу иш ҳам амалга ошди.

«Реал» ўтган мавсумлардаги мағлубият учун ҳам, «Шериф»дан ўтган турдаги мағлубият учун ҳам аламини чиқариб олди. Донецкликлар клуби эса хавфли вазиятда. Учта турдан кейин бир очко ва ноль гол — бу амалда плей-офф учун курашдан чиқиб кетишни англатади.

«Интер» — «Шериф» — 3:1 (1:0)
Голлар: Жеко, 34. Видаль, 58. Де Фрай, 67 — С. Тилль, 52.

Тирасполнинг «Шериф» клуби «Интер»га қарши ўйинга гуруҳ етакчиси сифатида келди. Молдаванлар клуби уйда «Шахтёр»ни (2:0), «Сантьягу Бернабеу»да «Реал»ни (2:1) мағлуб этганди.

Лекин Юрий Вернидубда бу ўйин арафасида таркиб борасида муаммолар юзага келди - асосий дарвозабон Гиоргос Атанасиадис, ҳужумчи Жасур Яхшибоев ҳамда ҳимоячи Александр Белоусов  Миланга сафар қилолмади.

Дарвозани эгаллаган Челядник (у ЕЧЛда ўйнаган илк молдавиялик бўлди, бунгача жамоа ўйинларида фақат легионерлар ўйнаётганди) ўйинни яхши бошлади ва бир неча бор жамоасини қутқарди. Аммо унинг жамоадошлари рақиб ҳудудида яхши ҳаракатлана олишмади ва фақат қарши ҳужумлар билан чекланишди. 34-дақиқада эса Артуро Видаль бурчак зарбасидан кейин тўпни Эдин Джекога ташлаб берди, босниялик тажрибали ҳужумчи бир ҳаракат билан уни дарвоза тўққизлигига жойлади. Челядникда бу зарбани қайтариш имкони йўқ эди.

Танаффусда Юрий Вернидуб ҳужумкорликни оширишга қарор қилди. Жамоа сардори Франк Кастеньеда майдондан олиниб, унинг ўрнига Степан Раделич туширилди. «Шериф» тез орада ҳисобни тенглаштирди. Себастьен Тилль Мадридда унинг шунчаки омади келмаганини исботлади ва 52-дақиқада жарима зарбасидан Самир Ханданович дарвозасини ишғол этди — 1:1.

Аммо молдаванларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Тилнинг голидан 6 дақиқа ўтиб Артуро Видаль майдон эгаларини яна олдинга олиб чиқди. Джеко чилилик футболчига биринчи бўлимдаги узатмаси учун қарзини қайтарди ва уни «Шериф» дарвозабони билан яккама-якка ҳолатга чиқарди. Учинчи гол ҳам ўзини кўп куттирмади, яна бурчак зарбаси ижро этилганида тўп зарба учун ташлаб берилди ва бу сафар комбинацияни «Интер»нинг марказий ҳимоячиси Стефен Де Врей якунлади — 3:1.

Ўйин охиригача «Шериф» Ханданович дарвозаси олдида бошқа хавфли вазият ярата олмади, нерадзури ҳам 4-голни уриш учун қаттиқ ҳаракат қилмади. Параллел учрашувда «Реал»нинг «Шахтёр» устидан ғалабаси эвазига «Интер» 3-поғонага кўтарилди. «Шериф» эса мадридликлар очколар сони бўйича уларни қувиб етган бўлса-да, ўзаро учрашувдаги ғалаба эвазига ҳамон биринчи ўринда қолмоқда.

3 ноябрь. «Шериф» — «Интер», «Реал» — «Шахтёр».

Мавзуга оид