Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёлик раҳбарлар чекка қишлоқларда тунади: бу минглаб муҳтожларга ёрдам, муаммоларга ечим берди
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ташаббуси билан вилоят ташкилотлари раҳбарларининг бир гуруҳи ва ҳокимлик масъуллари 15-17 октябрь кунлари воҳамизнинг олис ва тоғли ҳудудларида бўлишди. Раҳбарлар қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи, аҳолининг кайфиятини ўрганиши натижасида бир қатор амалий ишлар бажарилди.
Ҳоким бошчилигидаги вилоят раҳбарлари Деҳқонбод, Ғузор, Миришкор, Китоб, Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманларида жойлашган 24та узоқ қишлоқларда тунаб қолишди.
Ташаббус давомида давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ фуқароларни қийнаб келаётган қатор муаммолар ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш мақсадида уларнинг фикри эшитилди. Сайёр қабул, тиббий кўрик, маданий ва саховат тадбирлари ўтказилди.
Жумладан, 2141 нафар фуқаронинг ҳолидан хабар олиниб, уларга 817 дона уй-рўзғор буюмлари, иситиш воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Беморлар учун 3,2 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Жойлардаги қабуллар давомида 958 нафар фуқаронинг мурожаатига асосан 618 та муаммо аниқланган бўлса, шундан 47 таси уй-жой таъмири, 63 таси даволаниш, 96 таси эҳтиёжмандлар учун моддий ёрдам ажратиш ва 5 таси таълим йўналишлари, шунингдек, коммунал хизматлар, йўл таъмири ва бошқа 407 та масала бўйича мурожаатлар ўрганилди. Кўплаб муаммолар жойида ҳал этилди ва қолганларига ҳам тез орада ижобий ечим топиш учун 259,8 млн сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
“Неварамнинг шартнома пулини тўлашдаги қийинчилик ва ўйларимнинг чегараси йўқ эди. Кичкинтойларнинг ризқини қийиб, баҳорда болалайдиган сигиримизни сотиб, шартнома пулини шаҳарга бориб тўлаб келасан, деб турган эдим ўғлимга. Шанба куни қабулга борган ўғлим "Она, неварангизнинг 12 млн шартнома пулини давлат тўлаб бераркан", деган гапларини эшитиб кўзимга ёш келди. Қувончдан йиғладим. Президентни дуо қилдим” дейди шаҳрисабзлик Санам момо.
Ўтказилган сайёр қабулларнинг амалий давоми сифатида хонадонма-хонадон ўрганишлар ташкил этилиб, уларга турли хил уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари моддий ёрдам тариқасида тақдим этилди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Ⓣ