Ўзбекистон | 19:00 / 22.10.2021
17727
2 дақиқада ўқилади

«Одамлар мени тушунмаётган бўлса, улар менга овоз бермайди» — Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш»дан президентликка номзоднинг афсус билан айтишича, агар одамлар уни тушунмаётган бўлса, улар Қодировга овоз бермайди. Лекин у барибир гапиришдан тўхтамоқчи эмас.

Фото: «Миллий тикланиш» партияси

21 октябрь куни Муқимий номидаги мусиқали драма театрида «Миллий тикланиш» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Алишер Қодиров тошкентлик сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Газета.uz’нинг хабар беришича, номзод учрашувда сайловдаги ғалабадан умидвор эмаслиги, бироқ у ғояларни илгари суришдан тўхтамаслиги ҳақида гапирган.

«Мен ҳозир тахмин қилмоқчи эмасман. Сайловнинг натижалари эълон қилингандан кейин маълум бўлади. Лекин мен бир нарсани эътироф этиб кетишим керак, тажриба ёки сиёсий нуқтайи назардан бўладими барча масалалар бўйича Ўзбекистонда бугун келаётган рақобат муҳитида яққол фикрлар ажралиб турибди.

Бизни фикрларимиз бугун одамларга ёқмаётган бўлиши мумкин. Битта айтган гапимга шунча негатив муносабат. Мен гапларимни тушунтиролмаяпман. Мен шу ватан ҳақида, шу миллат ҳақида ўйлаяпман, лекин одамлар мени тушунмаётган бир пайтда ғалабадан умидвор бўлишим мумкинми?

Афсус билан айтишим керак, агар одамлар мени тушунмаётган бўлса, улар менга овоз бермайди. Лекин мен гапдан тўхтамоқчи эмасман.

Эҳтимол, ғалабадан умидвор эмасдурман, лекин натижада одамлар, албатта, ўзгаради. Ишончим комил, жамият барибир ўзгаради», — деди «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод.

Эслатиб ўтамиз, партиянинг 6 август куни ўтказилган навбатдан ташқари пленумида президентликка номзоди кўрсатилган Алишер Қодиров сайловларда ғалаба қозонмоқчи экани ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид