Жаҳон | 21:55 / 22.10.2021
45645
18 дақиқада ўқилади

Қаззофийнинг ҳаёти ва ўлими. 10 йил аввал уни нега ағдаришганди?

Ливия диктатори Муаммар Қаззофий роппа-роса 10 йил муқаддам ўлдирилган. Мамлакат ўшандан буён сиёсий инқироздан чиқа олмаяпти. Ливияда барқарор ҳукумат тузилишига нима тўсқинлик қилади?

REUTERS/Zohra Bensemra

«Биз бутун дунёга Қаззофий инқилоб туфайли ағдарилганини эълон қиламиз. Ливиядаги тирания ва диктатурага якун ясалди», деганди 2011 йил 20 октябрида Ўтиш даври миллий кенгашининг юқори мартабали вакили Абдул Ҳафиз Гога қочқиндаги ҳукмдор Муаммар Қаззофийнинг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қила туриб.

Диктаторнинг тарихи

Муаммар 1940-йилларда, ўша вақтда Триполитания деб аталган Италия мустамлакасида, бадавийлар қабиласига мансуб оилада дунёга келган. 1959 йилда Бенгазидаги университетнинг тарих факультетига ўқишга кирган, шу ерда марксизм ғоялари билан танишган, ўқишни тамомлагач, 1964 йилдан ҳарбий коллежда таҳсил ола бошлаган. Кейинроқ Британияга ўқишга юборилган ва у ерда танк техникасини ўрганган. Армиядаги хизмат чоғида спиртли ичимликлар ичмаслиги ва кўнгилхушликларда иштирок этмаслиги билан ажралиб турган.

Мактаб йилларидаёқ исёнкор кайфиятда бўлган, Мисрнинг ўша вақтлардаги етакчиси Жамол Абдулносирга ҳавас қилган ва қирол Идрис ҳокимиятидан норози ёшларнинг махфий гуруҳига асос солган Муаммар талабалик йилларида «Эркин офицерлар иттифоқчи-социалистлари» ташкилотини тузади. У Жамол Абдулносирнинг ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида тузган «Эркин офицерлар» ташкилотидан илҳомланганди.

1969 йилда ҳарбий давлат тўнтариши амалга оширган зобитлар фитнасига бошчилик қилган. Натижада Ливияда монархия тугатилиб, капитан Қаззофий ҳокимиятга келади.

1969—1971 йилларда Қаззофий ҳукумати хорижий банкларни ҳамда хорижликларга тегишли бўлган ер мулкларини миллийлаштиради. Шунингдек, давлат хорижий нефть компанияларни тўлиқ ёки қисман ўзига бўйсундиради. 1973 йилдан Қаззофий ўз режимининг барча сиёсий рақибларини тозалашни ўз ичига олган маданий инқилоб ҳаракатини бошлайди. Ливия ривожланишнинг алоҳида йўлини танлагани эълон қилинади — бошқарувнинг Жамахирия шакли эълон қилинади. Кўп йиллар мобайнида армия, давлат аппарати ва қишлоқлардаги аҳоли диктатор таянчи бўлиб келади.

Ташқи сиёсатда эса, ҳокимиятга келиши биланоқ Қаззофий Ливияни қўшни араб давлатлари билан яқинлаштириш йўлидан боради. Шу билан бирга, бу 1976 йилда Миср билан қисқа муддатли уруш олиб борилишига халал қилмайди. Уганда-Танзания уруши вақтида Қаззофий бир неча минг ливиялик ҳарбийларни угандалик диктатор Иди Аминга ёрдам учун юборади.

Ички сиёсатда Қаззофий ўз режимининг барча рақибларига нисбатан ўта бешафқатлиги билан ажралиб турарди. У фитналар ва давлат тўнтаришига ҳар қандай урунишларга қарши қаттиқ курашган, бундай ҳаракатлар хорижлик кучлар томонидан молиялаштиришига ишончи комил эди. Мамлакатда сиёсий партиялар ва мухолиф гуруҳлар тақиқланади. Ливия қонунчилиги иш ташлашлар ва намойишларга рухсат бермайди, ОАВ устидан қатъий назорат ўрнатилади.

1969 йилдан 1994 йилгача бўлган даврда Қаззофий режимига қарши чиққан 343 ливиялик ҳалок бўлгани расман тасдиқланган, улардан 312 нафари Ливия ҳудудида (84 киши қамоқда вафот этган, 50 киши инқилобий трибуналлар ҳукмига кўра жамоат жойларида отиб ўлдирилган, 148 киши авиаҳалокатлар, автоҳалокатлар ва заҳарланишлар оқибатида оламдан ўтган, яна 20 киши режим тарафдорлари билан қуролли тўқнашувлар вақтида ўлим топган, тўрт киши хавфсизлик хизмати агентлари томонидан отиб кетилган, олти киши эса тиббий ёрдам кўрсатиш рад этилгани туфайли жон берган).

Қаззофий турли террорчи ташкилотларга ҳомийлик қилган, сиёсий мақсадларда рақибларни ўлдириш ва ўғирлаш билан шуғулланган. АҚШ Ливия режимини камида 45 мамлакатнинг ички ишларига аралашишда айблаган ҳамда Ливияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатига киритган. Масалан, 1986 йилда Ғарбий Берлиндаги америкалик ҳарбийлар орасида машҳур бўлган дискотекада портлаш содир этилган. Натижада уч киши ҳалок бўлиб, 200дан ортиқ киши яраланган. Портлаш Ливия махсус хизматлари томонидан уюштирилганига оид белгилар аниқланган.

Аммо Ливия махсус хизматлари уюштирган энг қонли теракт 1988 йилда рўй берган. Шотландиядаги Локерби шаҳарчаси осмонида Лондондан Нью-Йоркка парвоз қилган Boeing 747 русумли йўловчи самолёт портлатилиши оқибатида 270 киши ҳалок бўлган. Кейинги йили Нигер ҳаво кенгликларида Браззавилдан Парижга учаётган DC-10 самолёти портлатилиб, 170 киши ўлдирилган. Текширувлар бу жиноятларга Ливия разведка хизмати алоқадорлигини кўрсатган.

Қаззофий гўзал қизлардан тузилган тансоқчилари қуршовида Киевдаги сафари вақтида, 2008 йил

Қазззофий икки марта уйланган бўлса-да, у атрофида ёш ва гўзал қизларни олиб юришни ёқтирган. Хусусан, Ливия диктаторининг қўриқчилари шундай қизлардан иборат эди. Қаззофийнинг фарзандлари кўп эди, уларнинг айримларига юқори лавозимлар берилган. Масалан, бешинчи ўғил, Муътасим Билла Қаззофий — миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи ҳисобланган. Муаммар жуда эксцентрик етакчи сифатида ҳам ажралиб турган. У бадавийларга хос кийинган ва чодирда яшаган, ҳатто хорижий сафарларда ҳам чодирини олиб юрган, миллий кийимда бўлган, шу орқали халққа яқинлигини кўз-кўз қилишни мақсад қилган. Бундан ташқари, у тез-тез ҳарбий формада кўриниш берган.

Санкцияларга қарамай, Қаззофийнинг режими, диктатурани қисман юмшатган ҳолда 2011 йилга қадар яшади. 2011 йил 15 февралида Бенгазида 1996 йилда ўлдирилган маҳбусларнинг қариндошлари тўпланади, улар адвокат ва ҳуқуқ фаоли Фатҳи Тарбелнинг озод этилишини талаб қилишади. Тарбел озод этилади, аммо намойишчилар бундан қаноатланмай, хавфсизлик кучларига ҳужум қилади. Қўшни Тунисдаги воқеалардан илҳомланган ливияликлар мамлакатни 42 йилдан буён узлуксиз равишда бошқариб келган диктаторга қарши оёққа туради.

Кейинги куни исёнчиларга қарши катта куч ташланади, аммо намойишчилар сафи кенгайиб боради, Ал-Байдада маҳаллий полиция улар томонига ўтади, кейин Бенгази ҳам ҳукуматга қарши кучлар тасарруфига олинади, шундан сўнг пойтахтда тартибсизликлар бошланади. Бир неча кун ичида мамлакатнинг шарқий қисми намойишчилар назоратига ўтади. Энди мухолифатчилар полковник Қаззофийнинг истеъфосини талаб қилишар эди.

2011 йил мартида БМТ Ливияда халқаро кучлар томонидан ҳарбий амалиёт ўтказилишини маъқуллайди, ундан мақсад, биринчи навбатда тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўлиши керак эди. НАТО кучларининг мамлакатга кириши ва Қаззофийга содиқ бўлган кучларга қарши кураш олиб бориши диктаторнинг позициясини сезиларли даражада заифлаштиради.

Сентябрь ойида кўплаб жиноятларда айбланган диктатор Интерпол қидирувига берилади. Бу вақтда Ливия ҳудудида шиддатли ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганди. Пойтахт таслим бўлиши арафасида Қаззофий Ливия шимолида жойлашган, Триполидан 450 километр масофадаги Сирт шаҳрига қочади. Бу ерда у ўз атрофидаги одамлардан НАТО ҳаво кучларининг зарбалари туфайли айрилади. Исёнчилар қуршовида қолган диктатор канализация қувури орқали қочишга уринади, аммо асир олинади ва шу ердаёқ шафқатсиз равишда самосуд қилиб, ўлдирилади. Шу тариқа, Сиртда туғилган Муаммар шу ерда шарафсиз ўлим топади.

Қаззофийнинг ағдарилиши сабаблари

Ливия бўйича эксперт, Ҳамбургдаги Яқин Шарқ тадқиқотлари институти ходими Ҳагер Али DW билан суҳбатда Ливия халқининг асосий қатлами Қаззофий олиб борган сиёсатдан норозилигининг асосий сабаблари биринчи навбатда ижтимоий ва иқтисодий характерда бўлганини қайд этади. Аввало, гап озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетгани, ёшлар орасида ишсизлик даражаси ҳаддан ташқари юқорилиги ҳақида кетади.

Ливияликларнинг бошқа талаблари демократлаштириш ва Қаззофий даврида инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишига оид ҳолатларнинг текширилиши билан боғлиқ истаклар эди. 1996 йилда Триполидаги Абу-Салим қамоқхонасидаги қирғин вақтида турли баҳоларга кўра 1200дан 1700 нафаргача киши ўлдирилган. «Бу жиноят Қаззофий бошқарувининг барча даврларини ифодалай олади», дея қайд этади Али.

Золим тиран ағдарилганидан кейин янги ҳаёт бошланиши учун умидлар юксак эди. Аммо ўшандаёқ БМТ бош котиби бўлган Пан Ги Мун огоҳлантирганди: «Ливия ва унинг аҳолиси учун очилган йўл тиканли ва қийинчиликларга тўла бўлади». Унинг сўзларига кўра, «ливияликлар келажак бераётган ваъдаларга фақат миллий бирлик ва келишувчанлик орқали эришиши» мумкин эди.

Ливиядаги фуқаролик уруши

Аммо ярашиш умидлари пучга чиқди: 2014 йилда мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Ҳагер Алининг сўзларига кўра, бунинг сабаблари асосан Қаззофий яратган ҳокимият аппарати билан боғлиқ. Чунки ливиялик диктатор исёндан жуда қўрққан ва юқори мартабали ҳарбий амалдорларни ўзига яқин олишга, муҳим лавозимларга уларни ва ўз оиласи аъзоларини тайинлашга ҳаракат қиларди.

«Ўз муҳофазаси учун у ёлланма аскарлардан фойдаланган, кичикроқ мансабдаги ҳарбий бошлиқларга деярли ваколат бермаган», дея давом этади эксперт. Бундай шароитларда алоҳида гуруҳлар ўртасида рақобат бошланиб кетган ва бундай қарама-қаршилик Қаззофийнинг ўлимидан сўнг ҳам давом этган.

Бу орада диктаторни ағдаришдек умумий истак билан тузилган иттифоқлар парчаланиб кетган. Ҳатто бир неча бор сайловлар ўтказилиши ҳам Ливиядаги аҳолининг турли гуруҳлари ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилишга қодир бўлмаган. «Бунинг сабаби шундаки, мамлакатда сиёсий мулоқот ташкил этишга қобил бўлган фуқаролик жамиятининг ўзи йўқ эди», деб ҳисоблайди Ҳагер Али.

Барбод бўлган давлатчилик

Бу инқилоб Ливия бошига муваффақиятсизликка учраган давлат қисматини олиб келади: бу ердаги давлат ҳокимиятчилиги парчаланиб кетади. Кўп ўтмай мамлакатда қўшҳокимлик юзага келади: бири Триполида, иккинчиси шарқий чегаралар томонда - Тобрук шаҳрида.

Бу орада ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ёки илгари суриш мақсадида Ливиядаги фуқаролик урушига кўплаб хорижий давлатлар аралашади, жумладан, Россия, Туркия, Миср ва БАА.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Миллий келишув ҳукумати раҳбари Фоиз Сарож билан иттифоқ тузиб, Ливиянинг Ўрта Ер денгизи қирғоқларидаги газ захираларини қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритишга ҳаракат қилади.

Россия, Миср ва БАА эса Ливия миллий армияси бош қўмондони, фельдмаршал Халифа Ҳафтар таъсиридаги Тобрук муваққат ҳукуматини қўллайди.

Бу иттифоқ эвазига Қоҳирадагилар «Биродар мусулмонлар» каби радикал гуруҳларни тийиб туриш ҳамда уларнинг таъсири мамлакатга ёйилишининг олдини олишни мақсад қилганди.

Россия нима учун Ҳафтарни қўллаган?

Ўз навбатида Россия Ҳафтарда ўзининг ушбу минтақадаги манфаатлари ҳимояси учун иттифоқчи қиёфасини кўради. У ҳарбий ёрдам эвазига Москвага мамлакатдаги энергетика бозори учун йўл очиб беришни, шу жумладан Тобрук ва Дерне портларидан фойдаланиш имкониятини ваъда қилганди.

Триполи тарафида бўлиб келган Европа Иттифоқи учун эса биринчи навбатда Ливия қочқинлар оқимининг манбайига айланишига йўл қўйилмаслиги муҳим эди. 2020 йил февралида Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас қўшни давлатлар Ливияда тинчлик ўрнатилиши учун музокаралар ўтказиши кераклигини айтганди.

Ливия можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича кўплаб ташаббусларга мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқлангани сабаб БМТ махсус элчилари душман томонлар музокаралар столига ўтириши учун тинимсиз курашиб келишди. Ниҳоят буни уддалашди, 2020 ва 2021 йилларда Берлинда Ливия масаласи бўйича ўтказилган икки конференция якунларига кўра томонлар Абдул Ҳамид Дбейбуни вақтинча бош вазир сифатида тан олишди. 2021 йил февралидаги келишувга кўра мамлакатда жорий йил декабрида президентлик ва парламент сайловлари ўтказилиши режалаштирилганди, кейинроқ парламент сайловлари 2022 йил январига кўчирилди.

Ливиянинг ҳал қилинмаган муаммолари

Ливия бўйича эксперт Ҳагер Али бугунги кунда мамлакатда ҳал қилинмаган беҳисоб муаммолар борлигини қайд этади. Шулардан бири - қуролли кучларни ким назорат қилиши бўйича аниқ режа йўқлиги. Бошқа томондан, Ливияда бир неча қуролли гуруҳлар ҳаракатланади, улар сайловлар натижаларини тан олишдан бош тортиши мумкин. «Бундай шароитда ҳокимиятнинг ўтказилиши жуда таҳликали жараёнга айланади», дейди у.

Бундай вазиятда демократия, сиёсий барқарорлик ва ташқи кучлар таъсиридан мустақил бўлиш Муаммар Қаззофийнинг вафотидан 10 йил ўтиб ҳам Ливия учун эришилган мақсад эмас, амалга ошиши қийин бўлган орзу бўлиб қолаверади.

Қаззофийга қарши курашда иштирок этган жангчи ОАВ вакилларига Сиртда қўлга киритган ўлжаси - Муаммар Қаззофийнинг тилла тўппончасини кўрсатмоқда, 2011 йил 20 октябрь. REUTERS/Thaier al-Sudani
Қаззофийнинг мухолифларидан бири у Сиртда қўлга олинишидан олдин яширинган қувурни кўрсатмоқда. REUTERS/Thaier al-Sudani
Муаммар Қаззофий Лиссабонда ўтган ЕИ-Африка саммити вақтида Панафрика парламентининг танзаниялик  президенти Гертруда Монгелла билан суҳбатлашмоқда. 2007 йил 8 декабр. REUTERS/Andrea Comas
Қаззофий АҚШдан келган журналист аёлларни ўзининг бадавийларга хос чодирида кутиб олган ва уларга оиласини таништирган, 1986 йил 12 январь. Reuters/Kate Dourian
Қаззофий Европа комиссияси президенти Романо Продининг офиси деворига ўрнатилган сурат олдидан ўтмоқда, 2004 йил 27 апрель. REUTERS/European Commission/HO
Муаммар Қаззофий Минск марказидаги Ғалаба майдонида уруш қурбонлари хотираси учун гулдаста қўйиш маросимида. 2008 йил 3 ноябрь. REUTERS/Vasily Fedosenko
Муаммар Қаззофийнинг рафиқаси София Қаззофий бадавийлар чодирида болалари билан. 1986 йил 12 январ. REUTERS/Kate Dourian
Полковник Қаззофий Боб Азиз Ийя шаҳридаги чиқишида минглаб тарафдорларига қўл силкимоқда. У ўшанда Қўшма Штатлар сиёсатини қоралаганди. 1986 йил 28 март. REUTERS/Rob Taggart
Миср президенти Ҳусни Муборак Ливия етакчиси Муаммар Қазофий билан чегарадаги Мерса Матруҳ шаҳрида учрашувда. 1989 йил 16 октябрь. REUTERS/Frederic Neema
Муаммар Қаззофий америкаликларнинг мамлакатдаги базаси эвакуация қилинганининг 40 йиллигига бағишланган маросимда чиқиш қилмоқда, Триполи, 2010 йил, 12 июнь. REUTERS/Ismail Zetouny
Муаммар Қаззофий Тунисда уч кун давом этган Мағриб араб давлатлари иттифоқи саммити якунида ўз ташқи ишлар вазири Жаддаллоҳ Аззуз ал-Талҳини тингламоқда. 1990 йил, 23 январь. REUTERS / Frederic Neema
Триполининг асосий кўчаларидан биридан мингта танк олиб ўтилган. 1994 йил 1 сентябрида Муаммар Қаззофий ўз бошқарувининг 25 йиллигини тантанали нишонлаганди. REUTERS/Stringer
Муаммар Қаззофий Африка-Жанубий Америка саммити йиғилиши вақтида Африка иттифоқи байроғини кўздан кечирмоқда. Маргарита ороли, 2009 йил 27 сентябрь. REUTERS/Carlos Garcia Rawlins
БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси вақтидаги тушлик дастурхонида Муаммар Қаззофий учун ажратилган жой. Нью-Йорк, 2009 йил 23 сентябрь. REUTERS/Patrick Andrade
Муаммар Қаззофий Римдаги Аудиториум Ҳоллда бизнес-ледилар билан учрашувни тарк этмоқда. 2009 йил 12 июнь. REUTERS/Alessandro Bianchi
Қаззофийнинг қароргоҳи яқинида ўрнатилган монумент, унда америкаликлар ҳарбий самолётини ғижимлаётган мушт тасвирланган. 2001 йил 1 феврал. REUTERS/File
Полковник ўз қароргоҳи яқинида журналистлар билан суҳбатлашмоқда, 2001 йил 5 февраль. 1986 йилда америкалик ҳарбийлар президент Роналд Рейган топшириғи билан ушбу ҳудудда портлаш содир этишганди. REUTERS/File
Қаззофий Римдаги аэропортда ўз униформасидаги суратни журналистларга намойиш этмоқда. 2009 йил 10 июнь. Суратда ливиялик партизанлар етакчиси Умар ал-Мухтор мустамлакачи Италия армияси ҳарбийлари томонидан ҳибсга олингани акс этган. Ал-Мухторнинг ўғли ушбу сафарда Қаззофийга ҳамроҳлик қилган. REUTERS/Alessandro Bianchi
Венесуэла президенти Уго Чавес Қаззофийнинг лимузинини ҳайдамоқда, улар 2009 йил сентябрида Маргарита оролидаги саммитда иштирок этиш учун келишганди. REUTERS/Miraflores Palace
Қаззофий Себҳа саҳросидаги демократия тўғрисидаги дебатда британиялик социолог Энтони Гидденс ҳамда америкалик политолог Бенжамин Бербернинг сўзларини тингламоқда. Бу учрашувда кўп йиллар изоляцияда бўлган мамлакатнинг халқаро алоқаларни тиклаши истиқболлари муҳокама қилинганди. 2007 йил 2 март. REUTERS/Louafi Larbi
Бельгия полицияси бадавийча чодирни қўриқламоқда. Ўшанда Қаззофий икки кунлик ташриф билан Брюсселга келганди. 2004 йил 27 апрель. REUTERS/Francois Lenoir
Қаззофий БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги чиқиши чоғида танаффус қилмоқда, орқа фонда 64-сессияга президентлик қилган ливиялик Али Абдул Салом Треки. Нью-Йорк, 2009 йил 23 сентябрь. REUTERS/Mike Segar
Президент Обама Италиянинг Аквила шаҳрида ўтказилган  G8 саммити вақтидаги тушликда Қаззофий билан тўқнашди. 2009 йил 9 июль. REUTERS/Alessandro Bianchi
Қаззофий Дамашқдаги араб давлатлари саммити очилиши арафасида чой ҳўпламоқда. 2008 йил, 29 март. REUTERS / Ahmed Jadallah
Қаззофий ўша вақтда Венесуэла ташқи ишлар вазири бўлган Николас Мадуро билан гаплашмоқда. Маргарита оролидаги саммит, 2009 йил 25 сентябрь. REUTERS/Jorge Silva
1986 йилги портлашдан кейин Қаззофий қароргоҳининг ички кўриниши. Ўшанда Рейган Триполини Ғарбий Берлиндаги тунги клубда амалга оширилган портлаш учун айблаганди - портлашда икки нафар америкалик аскар ҳалок бўлган. Сурат 1999 йил 2 декабрда олинган. REUTERS/File
Қаззофий Африка-Жанубий Америка саммити йиғилишидан олдин кўзойнагини тўғриламоқда, Маргарита ороли, 2009 йил 27 сентябрь. REUTERS/Carlos Garcia Rawlins
Қаззофий давлат телевидениеси орқали чиқиш қилмоқда, 2011 йил 22 февраль. REUTERS/Libya TV via Reuters TV
Одамлар Муаммар Қаззофийнинг Мисратдаги уйда турган жасади фонида суратга тушишмоқда. 2011 йил 20 октябрь. REUTERS/Thaier al-Sudani

Мавзуга оид