Жаҳон | 11:30 / 23.10.2021
13785
3 дақиқада ўқилади

36 метргача етадиган чиқинди тоғлари: Ҳиндистонни тозалаш 13 миллиард долларга тушиши мумкин

Ҳиндистон бош вазири мамлакатни гигант чиқинди уюмларидан тозалаш дастурини эълон қилди. Энг йирик уюмлардан бири Мумбайда жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 18 қаватли бинога тенг.

Фото: AFP

Деонар чиқинди уюмлари 16 миллион тонна чиқиндидан иборат. 8та уюм 120 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган бўлиб, Ҳиндистондаги энг катта ва энг узоқ тарихга эга чиқинди тоғлари ҳисобланади, дея ёзади BBC. Чиқинди уюмлари баландлиги 36,5 метрга етади.

Чириётган чиқинди ўзидан метан, водород сульфиди, углерод оксиди каби заҳарли газларни ажратади. 2016 йилда ахлатлар уюмида кузатилган ёнғин бир неча ой давом этди ва Мумбайнинг катта қисмини тутун қоплашига сабаб бўлди.

Ҳиндистон ифлосланишни назорат қилиш органи 2011 йилда ўтказган тадқиқотга кўра, шаҳар ҳавоси зарарланишининг асосий сабабчиси қаттиқ заррачаларнинг 11 фоизи чиқиндихоналардаги ёнғинлар сабабли ҳосил бўлган.

Фото: SAUMYA ROY

2020 йилда Деҳлидаги Илм-фан ва атроф-муҳит таҳлилий маркази ўтказган тадқиқотга кўра, Ҳиндистонда жами 3 159та чиқинди уюмлари бор. Уларда жами 800 млн тонна чиқинди мавжуд.

Мумбайда 26 йилдан бери Деонар ҳудудини ёпиш бўйича суд иши кетмоқда. Бироқ чиқинди ташлаш ҳали ҳам давом этяпти.

Ҳиндистондаги чиқинди уюмлари амалдор ва сиёсатчиларни анчадан бери безовта қилиб келади. 1 октябрь куни бош вазир Нарендра Моди миллий тозалаш дастури учун қарийб 13 миллиард доллар ажратилиши ҳақида эълон қилди. Бу – Деонар каби очиқ полигонларни босқичма-босқич алмаштириш учун бир қатор тозалаш иншоотларини ўрнатишни ўз ичига олади.

Бироқ мутахассислар бунга шубҳа билан қарашмоқда. “Кичик шаҳарларда амалга оширилган бўлса-да, бундай масштабдаги чиқинди тоғлари муаммосини ҳал этиш мушкул”, – дейди Илм-фан ва атроф-муҳит таҳлилий маркази дастури раҳбари ўринбосари Ганшаям Сингх.

Фото: Reuters

Ҳиндистонда чиқиндиларни қайта ишловчи заводлар эса етарли эмас. Мамлакатнинг тижорат ва кўнгилочар маркази – 20 миллион киши яшаётган Мумбайда бор-йўғи битта ана шундай завод бор.

Ҳозирги вақтда Деонарда чиқиндидан энергия ажратиб олувчи завод қуриш режаси бор. Бош вазир Нарендра Моди мазкур режа янги, яшил иш ўринларини яратиши кутилаётганини айтган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид