Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон илк бор халқаро Нобел фестивалида иштирок этади
Нобел фестивалида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон талабалари билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказишади. 26-29 октябр кунлари уч давлатда тўртта асосий йўналиш: “Инновация асри”, “Яшиллик реаллик”, “Одамлар учун иқтисодиёт” ва “Янги давр кўникмалари” бўйича онлайн тарзда Ⅲ Нобел Фест ўтказилади.
4 кун давом этадиган онлайн фестивалда Нобел мукофоти лауреатларининг “Келажак бугун” мавзусидаги муҳокамалари ва маърузалари ҳам ўтказилиши белгиланган.
Ⅲ Нобел фестивалида 50 мингдан ортиқ иштирокчи, 4 нафар Нобел мукофоти совриндори ва қатор жаҳонга машҳур экспертлар иштирок этиши режалаштирилган.
Дунёга машҳур олимлар ва экспертларнинг фикрича, Нобел фестивали минтақавий илм-фан ривожланишига катта таъсир кўрсатади ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ ёш олимларини янги кашфиётлар ва ихтироларга илҳомлантиради.
Таъкидланишича, фестивал Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон студияларида, шунингдек, минтақавий ҳамкор университетлар сайтларида намойиш этилади.
Унда жаҳон тарихчиси ва "Сапиенс: инсониятнинг қисқача тарихи"номли бестселлер муаллифи Ювал Нуҳ Ҳарари, БМТ тинчлик элчиси ва табиат ҳимоячиси Жейн Гудалл, Исроил стартапларининг “отаси” Жонатан Биэр ҳамда криптовалюталар бўйича жаҳон миқёсидаги мутахассис Ҳаррик Ҳиллеманлар асосий спикерлардир.
Бундан ташқари, Ⅲ Нобел Фест платформасида Google компанияси бош тижорат директори Мо Гавдат, Apple Siri муаллифи ва Renault Group бош муҳандиси Люк Юлия, Нобел тинчлик мукофоти лауреати, Глобал энергия мукофоти халқаро қўмитаси аъзоси Рае Квон Чунг, Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати (2020), Стенфорд университети профессори Пол Роберт Милгром каби таниқли мутахассислар қатнашади.
Улар билан биргаликда Ⅲ Нобел фестивалида дунёнинг энг нуфузли университетлари Лондон иқтисодиёт мактаби, Массачусетс технология институти, Стенфорд университети, Ню-Йорк университети, Калифорния университети, Лондон Империал коллежи, Вашингтон университети, шунингдек, Microsoft, Google, CAP, Coca-Cola сингари йирик халқаро корпорациялар раҳбарлари ва етакчи мутахассислари ҳам қатнашади.
“Зиё форум” фан ва таълимни ривожлантириш жамғармаси эса, ушбу тадбирнинг Ўзбекистонда ҳамкор ташкилотчиси бўлди.
Ⅲ Нобел фестивалига рўйхатдан ўтиш https://www.nobel-fest.inpolicy.net/ сайти орқали амалга оширилади. 2021 йил 26 октябрдан 29 октябргача рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд. Барча сессияларнинг жонли трансляциясини ташкилотчиларнинг Youtube-саҳифасида томоша қилиш мумкин.