Тошкент шаҳридаги прописка балоси бу борада коррупцияни урчитганидан барчамиз хабардормиз. Шунингдек, ноқонуний никоҳлар кўпайиб кетгани ва унинг оқибатлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Минглаб хонадонлар ва бошқа кўчмас мулклар пропискаси борларнинг номига олинганини-ку қўяверинг.

Яхшиямки, Тошкент шаҳридаги прописка балоси барҳам топди. Лекин унинг асорати анча-мунча чўзиладиган кўринади ёки қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, “Бировни номида бўлган мулкимни олиб беринг”, деган даъволар судларда кўрилаверади. Қонуний қарор қабул қилинаверади. Аммо адолатни доим қўллаб бўлармикин?..

Агар даъвогарга “Йўқ, адолат шундаки, сиз ўша пайтда қонунни четлаб ўтгансиз, айб сизда, чунки сиз ўз қўлингиз билан ўз маблағингизга кўчмас мулк олиб, танишингиз, “завжангиз” номига расмийлаштириб бергансиз, яъни олди-сотди шартнома сиз билан эмас сотувчи ва улар ўртасида имзоланган”, десангиз; ёхуд: “Ноқонуний никоҳ қуриш асносида, ўз оилангизни ҳам алдагансиз, “фақат прописка учун” дегансиз, аммо “кўзингизга яхши кўринган аёл танишингиз”га мулк ваъда қилгансиз, ундан фойдаланмоқчи бўлгансиз, ҳозирча пул бўлса бор, бироз даврон сурай дегансиз”, кабиларни айтсангиз ҳам барибир бу бечора адолат, лафз, омонат йиғлаб қолаверади. Унинг устидан эса хиёнат кулиб юраверади. 

Энди бу масалани чуқур ўйлаш керак, ўйлаганда ҳам кўпчилик бўлиб, гина-кудратни унутиб, хафа бўлиб қолиш ўйинини унутиб, бугунки кунда шу ижтимоий муаммо даражасига кўтарилган масалани бутун бир жамоатчилик бўлиб ўйлаш шарт...

Нега? Чунки ҳамма ҳам юқоридаги мақсадлар билан кўчмас мулкни бировнинг номига олмаган. 99 фоиз ҳолатда пропискага эҳтиёж сезилганидан, ишга кириш учун прописка керак бўлганидан, фарзандлари пойтахтда ўқиши учун уй-жой керак бўлганидан олган бу мулкларни.

Тўғри, солиқ декларациясидан қочиб, маблағларни легаллаштириш ва бошқа асослар билан ҳам уй-жойларни бошқалар номига олиб, кейин мажбур бўлиб судга даъво қилиш ҳолатлари ҳам бор. Бугунги мавзу эса бу эмас.

Агар Тошкент шаҳридаги иккиламчи уй бозоридан бировнинг номига олинган уй-жойларни кимлар томонидан олинганини таҳлил қилсак, биринчи ўринда четда оиласи учун ишлаб, пул топаётган мигрантларимиз ҳиссасига тўғри келганини кўриш мумкин. Кейинги ўринда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва маълум маблағи бор-у, пропискаси йўқ юртдошларимиз, шунингдек, турли вилоятлар миқёсидаги катта-кичик, собиқ ва бошқа давлат хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ҳамда уларга яқин кишиларнинг ҳиссасига тўғри келади.

Яна бир гап, бундай мулкларни қариндоши, дўсти, таниши ва ҳоказолари учун минг хижолат билан ўз номига расмийлаштиришга мажбур бўлган, виждонан қайтариб берган ва қайтиб бераётган, қайтариб бера олмай ҳақиқий мулкдорнинг ортидан ҳозиргача чопиб юрган инсоф-диёнатли, ҳалол-пок, омонатга хиёнат қилмайдиган юртдошларимиз ҳам кўп.