Жаҳон | 23:44 / 29.10.2021
12162
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда пул ўрнига купонлар босилмоқда ва егулик сифатида декоратив қушлар кўпайтирилмоқда — ОАВ

Фото: открытых источников

Шимолий Кореяда Хитойдан қоғоз ва валютани босиш учун бўёқлар етказилмаётгани сабабли пул ўрнига купонлар босилмоқда. Озиқ-овқат инқирози сабабли эса ҳукумат аҳолини декоратив қушлар – қора турналарни истеъмол қилишга чақирмоқда.

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, мамлакатда купонлар бир неча ойдан бери босилмоқда.

“Шимолий Корея нақд пул ўрнига купонлар босмоқда ва озиқа манбайи сифатида қора турналарни кўпайтирмоқда”, дейилган хабарда.

Маҳаллий ОАВга таяниб хабар берилишича, мамлакат марказий банки маҳаллий валюта – Шимолий Корея вони етишмаётгани сабабли купонларни боса бошлаган. Таъкидланишича, бунга Хитойдан валютани босишда қўлланган қоғоз ва бўёқ келтирилмаётгани сабаб ҳисобланади. Купонлар мамлакатда камида августдан бери муомалада айланмоқда.

Жорий ҳафтада эса Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари қора турна гўштини қимматли озиқа манбайи сифатида тарғиб қила бошлаган ва бу турдаги қушларни кўпайтириш одамлар ҳаётини яхшилашга ёрдам беришини таъкидламоқда.

“Қора турна гўшти мазали ва шифобахш хусусиятларга эга”, деб айтилган партия нашри Rodong Sinmun’да.

Таъкидланишича, декоратив қушлар ҳисобланувчи қора турнани истеъмол учун кўпайтириш мамлакатда 2019 йилда бошланган. Ўшанда ҳукумат ўз-ўзини таъминлаш мақсадида мактаблар, заводлар ва корхоналарни балиқ ва паррандани кўпайтиришга чақирган.

Халқаро кузатувчилар Шимолий Кореяда озиқ-овқат ва иқтисодиёт билан боғлиқ вазият оғир эканини айтишмоқда. Таъкидланишича, декоратив қушларни кўпайтириш каби “антиқа инновациялар” озиқ-овқат тақчиллиги сабабли жорий қилинмоқда. Тақчилликка эса пандемия сабабли чегаралар ёпиқлиги олиб келган. Бунинг ортида Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин “ҳар бир гуруч донини асраб-авайлаш” ва Россия ҳамда Хитой билан чегараларни очиш ҳақида фармон қабул қилган.

Мамлакат анчадан бери озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекиб келади. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея иқтисодиётидаги таназзул халқаро санкциялар, табиий офатлар ва пандемия сабабли янада кучаймоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид