Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан бир неча шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари огоҳлантирилди
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан бир неча шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бюджетдан ташқари маблағларни маҳаллий кенгашлар тасдиғидан ўтказмасдан сарфлагани учун огоҳлантирилган. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Қарши шаҳар ҳамда Ғузор, Миришкор, Касби ва Чироқчи туманлари ҳокимликлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланишда қонун талабларига риоя этмагани учун шу ҳудудлардаги бир қатор мутасаддилар халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан охирги марта огоҳлантирилган.
Кенгаш қарори матнида қайд этилишича, жорий йил 7-13 сентябрь кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида қонунларни амалиётга татбиқ этиш, ҳудудни ривожлантиришга қаратилган қарорлар ва дастурлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганган.
Ўрганиш жараёнида шаҳар ва туман ҳокимликлари бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланишда мазкур харажатларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига киритиш талабига риоя этмагани аниқланган. Хусусан:
- Ғузор туманида 3 миллиард 651,7 миллион сўм;
- Қарши шаҳрида 3 миллиард 512,9 миллион сўм;
- Миришкор туманида 1 миллиард 576,2 миллион сўм;
- Касби туманида 830,5 миллион сўм;
- Чироқчи туманида 324 миллион сўм қўшимча манбалар ҳисобидан маблағлар тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимларининг фармойишларига асосан сарфлангандан кейингина маҳаллий Кенгашлар тасдиғига киритилган.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Қарши шаҳри, Ғузор, Миришкор, Касби ва Чироқчи туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари Ж.Раҳмонқулов, Л.Худойқулов, А.Сариқов, М.Жўраев ва Э.Бобоқуловнинг мазкур ҳолатлар юзасидан ҳисоботлари сессия кун тартибидаги масалага тўлиқ жавоб бермагани ҳамда жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун улар охирги маротаба огоҳлантирган. Шу каби ҳолатлар такрорланган тақдирда бу мутасаддиларнинг ишда қолиш-қолмаслик масаласи кўриб чиқилиши ҳақида қарор чиқарган.
Шунингдек, Кенгаш қарорига кўра, Касби тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари (М.Жўраев)га ҳайфсан интизомий жазо чораси қўллаш бўйича таклиф берилган. Халқ депутатлари Қарши шаҳар, Ғузор, Миришкор, Касби ва Чироқчи тумани Кенгашларининг Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари мазкур ҳолатларга жиддий эътибор қаратишлари ҳамда камчиликлар такрорланган тақдирда депутатлик мақомидан чақириб олиш бўйича туман (шаҳар) Кенгаш сессияларига киритиш ҳақида огоҳлантирилган.
Халқ депутатлари Қарши шаҳар, Касби ва Чироқчи тумани Кенгашлари котибияти мудирларининг фаолиятини танқидий ва таҳлилий кўриб чиқиб, қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўриш юзасидан якуний хулоса бериш топширилган.
Бундан ташқари, халқ депутатлари туман ва шаҳарлар Кенгашлари раислари зиммасига маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми маблағларини ишлатиш фақатгина маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокамадан ўтгандан кейин амалга оширилишини назоратга олиш вазифаси қўйилган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Қашқадарё вилоятида маҳаллий бюджет даромадлари прогнози (1 триллион 39 миллиард сўм) амалда 125 фоизга (1 триллион 297 миллиард сўм) бажарилиб, бюджетда 258 миллиард сўм қўшимча манбалар шакллантирилган.