Ўзбекистон | 19:48 / 01.11.2021
18102
3 дақиқада ўқилади

Мусулмонлар идораси: Қашқадарёда қўлга олинган “жиҳодчилар” орасида имом-ноиб бўлмаган

Деҳқонобод туманида ДХХ ходимлари 12 кишини “Жиҳодчилар” оқимига алоқадорликда гумонлаб ҳибсга олди. Маҳкама тарқатган хабарда улардан бири масжид имом-ноиби экани айтилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу шахс имом-ноиб эмас, бошқа касб эгаси эканини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

31 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқими тарафдорларидан иборат гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берди.

“Ўзаро йиғинлар вақтида улар “Жиҳодчилар” оқими ғоялари йўғрилган аудио-видео кўринишдаги материалларни тинглаб, томоша қилишган ҳамда ҳижрат ва жиҳод қилишга хайрихоҳлик билдиришган”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, гуруҳ аъзоларининг яшаш манзиллари кўздан кечирилганда хотирасида диний мазмундаги аудио-видео материаллар мавжуд бўлган уяли алоқа воситалари ва флешкарталар, шунингдек, нашриёти кўрсатилмаган китоблар борлиги аниқланиб, экспертизадан ўтказиш учун расмийлаштириб олинган.

ДХХ расмий ахборотида гуруҳнинг 1969–1995 йиллар оралиғида туғилган 12 нафар аъзоси орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ва мавсумий ишчилар борлиги айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом-ноиби аслида бошқа касб эгаси эканини маълум қилди.

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди идоралар билан олиб борган мулоқотлари натижасида, ушбу хабарда гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом-ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлди”, – дейилади баёнотда.

Идора, шунингдек, диний соҳа ходимлари бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида фаол иштирок этаётгани, ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини ва Ислом динида қаттиқ қораланганини билдирган.

“Таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб даврда ҳушёрлик ва огоҳлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа эканини теран англаган имом-хатиблар, имом ноиблари ва диний соҳа ходимлари бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.

Ўз навбатида, ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши, шунингдек, Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланганини алоҳида таъкидлаймиз”, – дейилади Мусулмонлар идораси расмий муносабатида.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид