Ўзбекистон | 11:08 / 03.11.2021
6481
1 дақиқада ўқилади

Россияга мигрантларни ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинди

Россия Федерацияси ҳудудига мигрантларни ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.

Видеодан кадр

Маълум қилинишича, ушбу шахслар Москва шаҳридаги хусусий клиникалар ходимлари билан тил бириктирган. Улар даволаниш учун сохта таклифномалар орқали Марказий Осиё фуқароларини Россияга олиб кирган.

Қайд этилишича, аслида фуқаролар даволаниш эмас, балки ишлаш мақсадида келган.

Мазкур ҳолат бўйича Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси (ноқонуний миграцияни ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, Россияда мигрантларга геном бўйича рўйхатдан ўтиш мажбурияти юкланиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг маълум қилишича, Россияда мамлакатга яқин ва қўшни давлатлардан келган барча меҳнат муҳожирларига геном бўйича рўйхатдан ўтиш мажбурияти юклаб қўйилиши лозим. 

Александр Бастрикин бундай чорага бўлган эҳтиёжни мамлакатга келганлар томонидан содир этилаётган ўта хавфли жиноятлар сонининг ортиб бораётгани билан боғлаган.

 

Мавзуга оид