Жаҳон | 10:00 / 04.11.2021
6016
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар учлигидан ўрин олди

Хитой биринчи марта Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари энг кўп экспорт қилинадиган давлатлар учлигидан ўрин олди. Бу ҳақда «Жэнмин жибао» газетаси веб-саҳифасида эълон қилинган мақолада айтилди.

Фото: Uz24

Нашрда Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-техник ишланмаларга инвестициялар ҳажмини ошираётгани, тупроқни яхшилаш бўйича жамғарма яратилгани, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш имкониятларини мустаҳкамлаш йўлида янги ирригация-дренаж тизими бунёд этилгани қайд этилган. Бу чора-тадбирлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини яхшилаш ва уларнинг қўшимча қийматини оширишга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда гилос, қовун ва анор каби ўзбек мевалари халқаро бозорда машҳурдир, деб таъкидланади материалда.

Мақолада бугунги кунда Тошкентга Хитойнинг кўплаб шаҳарларидан ҳаво қатнови йўлга қўйилгани, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналишида халқаро юк ташиш йўналиши очилганига эътибор қаратилган.

Муаллиф Ўзбекистондан Хитойга 16 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, жумладан, гилос, қовун, тарвуз, қалампир, анор, ловия, кунжут уруғи, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, узум, ерёнғоқ, асал ва қалампир каби маҳсулотлар экспорт қилинаётгани ҳақида ҳам сўз юритган.  

Ўзбекистон 2021 йилнинг биринчи ярмида Хитойга 37 минг 900 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилган ва унинг қиймати 31 миллион доллардан ошган. Ўзбекистон мева-сабзавот экспортининг 6,5 фоизи Хитойга тўғри келмоқда. Натижада, ушбу мамлакат биринчи марта Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари энг кўп экспорт қилинадиган давлатлар учлигидан ўрин олгани таъкидланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид