Ўзбекистон | 21:55 / 05.11.2021
3691
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда Hyundai юк машинаси мактаб олдидаги пиёдалар йўлакчасида ўқувчини уриб юборди. Жабрланувчи вафот этди

Фото: ИИБ ЙҲХБ

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида Hyundai кичик юк машинаси қоидаларни қўпол тарзда бузиб ҳаракатланган ҳолда мактаб олдидаги пиёдалар йўлакчасида одам уриб юборган. Оқибатда мактаб ўқувчиси вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 4 ноябр куни М41 Бишкек-Душанба-Термиз халқаро автомобил йўлининг Қумқўрғон тумани Ҳуррият маҳалласи ҳудудидан ўтган 1534-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

2001 йилда туғилган ҳайдовчи ўз бошқарувида бўлган Hyundai кичик юк машинаси билан мактаб олдида жойлашган пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 2004 йилда туғилган мактаб ўқувчисини уриб юборган. Оқибатда 17 ёшли мактаб ўқувчиси оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича Hyundai машинасидан бироз олдинда ҳаракатланиб кетаётган Cobalt ҳайдовчиси мактаб олдидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган ўқувчини кўриб огоҳлантириш чироқларини ёқиб тўхтаган. Шу пайт орқадан келаётган Hyundai ҳайдовчиси Cobalt’ни айланиб ўтиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган ва ўқувчини уриб юборган.

Қайд этилишича ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мавзуга оид