Ўзбекистон | 09:15 / 08.11.2021
2530
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Ўзбекистонга ташриф буюради

Фото: Dunyo

Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)даги доимий вакили, элчи Абат Файзуллаев Венада ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича олий комиссари (МООК) Қайрат Абдураҳмонов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича олий комиссари офиси ўртасидаги муносабатлар бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, 2022 йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕХҲТ МООК ўртасида яқин амалий алоқалар йўлга қўйилди, томонлар МООК тавсияларига бағишланган миллий ва минтақавий даражада қатор тадбирларни муваффақиятли ўтказди.

Олий комиссар 2021 йил июл ойида Ўзбекистон Олий суди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги одил судловдан фойдаланиш ва миллий озчиликлар бўйича Грац тавсиялари мавзусида онлайн шаклда давра суҳбати уюштирилганини таъкидлади. МООК офиси “Грац тавсиялари” ва турли жамиятларнинг интеграцияси бўйича Любляна йўриқномаларини ўзбек тилига таржима қилди ва тарқатди.

Томонлар ушбу ижобий амалиётни давом эттириш ва 2022 йил ҳамкорликда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида ушбу мазмундаги қатор тадбирларни ўтказишга келишиб олди.

Қайрат Абдураҳмонов 2022 йил Ўзбекистонга келишга тайёрлигини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид