Жаҳон | 19:27 / 10.11.2021
15027
9 дақиқада ўқилади

Лоббистлар «ҳийласи», Афғонистондаги хаос, амалга кўчмаётган ислоҳотлар. Байденнинг илк йили нега муваффақиятсиз ўтмоқда?

Фото: Getty Images

Бир йил аввал АҚШда президентлик сайловларидаги натижалар ҳисоб-китоб қилинганди. Ғолиб бўлган Жо Байден мамлакатда йирик қурилишлар бўлиши ва рекорд даражада инвестиция лойиҳалари айнан мамлакат ичида амалга оширилишини айтганди. Шунингдек, Байден Американинг халқаро майдонга «чинакамига қайтиши»ни ваъда қилганди. Аммо Байденда ҳаммаси силлиқ кетмаяпти. Унга демократлар ичидаги ўзаро фикрлар қарама-қаршилиги, АҚШ аскарларининг Афғонистондан чиқиши сабаб юзага келган хаос ва иттифоқчилар билан тортишувлар халал бермоқда.

Бир неча ойдан буён Жо Байденнинг рейтинги тушишда давом этмоқда. Марказчилар ва консерваторлар Байден демократларнинг сўлчилар қаноти томонга ўтиб хато қилганини айтишмоқда. Сўлчи танқидчилар эса аксинча консерватив демократлар президентни ишлагани қўймаяпти деган фикрда.

Ҳар икки томондагиларни эса бир нарса бирлаштиради: уларнинг фикрича, Оқ уй бунчалик узоқ вақт муҳокамаларга вақт сарфланишига йўл қўя олмайди, сайловчилар конкрет ҳаракатлар кутишмоқда.

«Адо бўлаётган» президент

Байден таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар ва яшил энергетика бўйича катта лойиҳалар ҳақида гапирганди. Бу лойиҳаларга 3,5 триллион доллар сарфланиши, инфратузилма учун яна 1 триллион доллар миқдорида пул ажратилиши кутилганди.

Бир қарашда Байденда бу ишларни амалга ошириш учун ҳамма нарса бор эди: лойиҳаларнинг фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланиши, Конгрессдаги демократлар устунлиги.

Байден ва ўз тарафдорлари билан бир ойдан буён музокаралар олиб бораётган Вакиллар палатаси спикер Нэнси Пелоси

Аммо бу лойиҳалар демократларнинг марказлашган ва сўл қанотлари ўртасида курашга сабаб бўлди. Марказчи бўлган сенаторлар Кристен Синема ва Жо Манчиннинг фикрича, Байденнинг лойиҳалари бюджет пулларини асоссиз сарфлаш ҳисобланади. Синема Аризона, Жо Манчин Ғарбий Виржиниядан сайланган сенаторлар ҳисобланади. Одатда бу ҳудудларда кўпчилик республикачиларни қўллайди ва улар кейинчалик солиқлар ошишига олиб келувчи бюджет пуллари бу қадар кўп сарфланишини қўллаб-қувватламайди.

Кейинчалик Байден администрацияси лойиҳага ўзгартириш киритиб, унинг қийматини икки бараварга – 1,75 триллион долларгача туширди. Унда қатор ташаббуслар тушиб қолдирилган. Масалан, дори-дармон нархларини пасайтириш лойиҳаси.

Лойиҳада назарда тутилган Байденнинг асосий ташаббуси – қайта тикланадиган энергетикага инвестиция киритиш дастури амалга ошишига ҳам кўплаб қаршиликлар бўлмоқда. Ижтимоий лойиҳалардан воз кечиш ўз навбатида сенатор Берни Сандерс ҳамда конгрессвумен Прамила Жаяпал етакчилигидаги демократларнинг сўл қаноти танқидига учради.

Вакиллар палатасида ҳам Байденнинг тарафдорлари қолганларнинг овозини рад этадиган даражада кутилган устунликка эга эмас. Сенатда демократлар атиги битта кўпроқ овозга эга. 5 ноябр куни Конгресснинг қуйи палатаси қиймати 1,2 триллион долларга тенг бўлган йўл ва бошқа объектлар қуриш каби инфратузилма лойиҳасини тасдиқлади, аммо аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш лойиҳаси муҳокамаси кейинги ойга қолдирилди. Марказчилар бундай катта пул кетадиган лойиҳани текшириш учун мустақил экспертларга юборишга эришган. Уларнинг фикрича, экспертлар бу лойиҳалар солиқ тўловчиларга қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиши муҳим. Аслида жиддий масала бўйича музокаралар узоқ давом этаётган бир вақтда бу ҳолат оддий америкаликлар учун фойдасиз интригадек кўринмоқда.

Демократ сенаторлар Манчин ва Синема ижтимоий харажатларни қисқартиришни талаб этишмоқда
GETTY/ REUTERS

Байден дуч келаётган қийинчиликларни аслида кутилмаган дейиш ҳам мумкин. Чунки Байден айнан реал ўзгаришлар қиладиган президент бўлишни ваъда қилганди. Ўзининг Сенатдаги 36 йиллик фаолиятини эса бунинг кафолати деб кўрсатганди.

FiveThirtyEight сўровларига кўра, фақат 43 фоиз америкаликлар Байденнинг ишидан рози. Таққослаш учун, инаугурациядан кейин унинг рейтинги 55 фоизга тенг эди.

Байденнинг рейтинги тушиши фонида одамлар президентни унга боғлиқ бўлмаган нарсаларда ҳам айблашмоқда. Масалан, сўровларда иштирок этган америкаликларнинг 60 фоизи инфляцияда Байден администрациясини айбдор деб билади. Бензин қимматлагани ва баъзи товарлар тақчиллигида ҳам Байденни айблашмоқда.

Миграция муаммоси ҳам Байденнинг номини қора қилмоқда. АҚШнинг жанубий чегарасида (Мексика билан) рекорд даражада кўп мигрантлар Америкага киришга урина бошлади. Чегарани бузиб ўтишга уриниш чоғида қўлга олинганлар сони рекорд даражада кўп. Washington Post колумнисти Дэвид Игнатиуснинг фикрича, Байден бу кетишда ҳурматини йўқотиб «адо бўлади». Фантастик фильмлардан бирида ваъда қилган ислоҳотлари фақат қоғозда қолиб кетадиган президентлар шундай аталади.

Катта саҳнага қайтиш ҳам ортга сурилди

Конгрессдаги тортишувлар сабаб Байден Глазгодаги иқлим ўзгаришлари бўйича саммитга ҳам қуруқ қўл билан боришга мажбур бўлди. Чунки унинг қайта тикланувчи энергия бўйича лойиҳалари тасдиқланмай қолмоқда. Аслида Глазгода Байден АҚШнинг қайта тикланувчи энергия борасидаги ақл бовар қилмас кўламдаги лойиҳалари ҳақида гапириши кутилганди. Аммо ўз мамлакатида бу борада ҳеч нима қила олмаган Байден дунёга ақл ўргатишга ҳақли эмасди.

БМТ саммитида у ошиб борса Путин ва Хитой раисини танқид қила олди. Шунингдек, дунё мамлакатларини чиқиндиларни камайтиришга чақириш билан бир вақтда ОПЕКдан нефть қазиб олишни кўпайтиришни сўраши бироз мантиқсизлик эканини тан олди.

Байден глобал исиш муаммосини ҳал қилишни истайди, аммо у бунинг учун консерватор конгрессменлар билан келишиши керак бўлади
GETTY IMAGES

Байденнинг халқаро майдондаги муваффақиятсизлиги бошқа соҳаларда ҳам давом этди. Масалан, у Британия ва Австралия билан атомли сувости кемалари борасида келишув имзолаб, Франция ва Австралиянинг бу борадаги келишуви бузилишига сабаб бўлди. Франция буни «ортдан пичоқ уриш» деб атади. Макрон билан учрашувда эса Байден чиндан ноқулай ҳаракат қилинганини тан олди.

Байденнинг бошига бало бўлаётган асосий иши эса барибир Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиши бўлди. Оқибатда Афғонистон бутун дунё террорчи деб биладиган «Толибон» қўлига ўтди, мамлакатда хаос, қашшоқлик, очлик ва қўрқув ҳукмрон бўлди.

Байден администрацияси учун мағлубиятлар ҳам бошланиб кетди. Демократлар вакили Терри Маколифф Виржиниядаги губернаторлик сайловларида мағлуб бўлди. Бу сайлов демократик партия учун илк сайлов синови деб қаралганди ва у муваффақиятсиз кечди. Губернаторликка республикачи Глее Янгкин сайланди.

Вакиллар палатасида демократларнинг сўл қаноти етакчиси Прамила Жаяпал Байденнинг режаларини қўллаб-қувватлашга тайёр. Аммо бу уни амалга ошириш учун етарли эмас

Бу сайловда демократлар вакилига Байден ва Обаманинг қўллаб-қувватлови ҳам ёрдам бермади. Бу сайловдан кейин республикачилар кейинги сайловларда Конгрессдаги устунликни қайтариб олишлари мумкинлиги ҳақида гапира бошлашди. Шунингдек, буни одамларнинг норозилиги ифодаси деб атайдиганлар ҳам топилади. New York Times'нинг ёзишича, кўпчилик сайловчилар партия ичидаги муҳокамаларга ортиқ тоқат қилмоқчи эмас.

Wall Street Journal'да бу ҳақда шундай ёзишди: «Жаноб Байден Виржиниядаги мағлубиятдан хулоса чиқариши ва сўлчиларга «йўқ» дейиши керак. Бу балки унинг президентлигини қутқариб қолувчи охирги имкондир».

Сўлчилар эса Байденнинг муваффақиятсизлигида марказчи демократларни айблашдан тўхтамаяпти. NBC News'даги колонкасида блогер Макс Бергер қизиқ гапни ёзиб қолди. Унга кўра, Байденнинг қайта тикланувчи энергия бўйича лойиҳасига қаршилик қилаётган энг таъсири катта сиёсатчи Жо Манчин нефтгаз ва кўмир компанияларидан сайловолди кампанияси учун энг кўп пул олган. Энди эса «олган пулларини оқлаяпти».

Чиндан Байденнинг қайта тикланувчи энергия манбалари борасидаги лойиҳаси нефтгаз ва кўмир компанияларига жиддий зарба берарди. Блогер ушбу дунё сиёсатига-да таъсир кўрсатаётган ҳолатдаги энг муҳим омилни тўғри таъкидлаган. Бергернинг фикрича, Байден дунё олдида қизаришига айнан корпоратив лоббистлар сабабчи. Улар Жо Манчин ва Кристен Синемани президент лойиҳаларини рад этишга «кўндирган».

Мавзуга оид