Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қочқинлар инқирози: Польша Беларусь билан чегарада қуролли низо рўй беришидан хавфсирамоқда
Польша ҳукумати Беларусь билан чегара ҳудудида қуролли эскалация келиб чиқишидан хавотирланмоқда - шу кунларда 4 мингга яқин қочқин мамлакат чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилди. ЕИ расмий Минскни чегарада қасддан зиддият юзага келтиришда айблади.

Фото: POLISH DEFENCE MINISTRY/REUTERS
Польша ҳукумати матбуот хизмати бошлиғи Пётр Мюллер сешанба куни журналистлар билан суҳбатда мамлакат расмийлари «қуролли характерга эга эскалация юзага келиши»ни истисно этмаётганини маълум қилди. «Беларусь жиддий ҳодиса қўзғамоқчи, улар отишма ва қурбонлар бўлишига интилмоқда», деганди аввалроқ Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Пётр Вавжик.
Бош вазир Путинни айблади
Сешанба куни парламентда чиқиш қилган Польша бош вазири Матеуш Моравецкий бу инқироз - сўнгги 30 йилликда Польша давлати чегаралари ва барқарорлигига қилинган энг жиддий ҳужум эканини айтиб, бунда Россияни айблади.
Польшадаги ПАП агентлиги хабар беришича, Моравецкий Беларусь раҳбари Александр Лукашенкони империалистик сиёсат олиб бораётган Россия президенти Владимир Путин берган вазифаларни ижро этувчи деб ҳисоблашини айтган.
Россия томони Беларуснинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдириб, юзага келган вазиятда мигрантларни қабул қилишни истамаётган Ғарбни айблаган. Россия ва Беларусь иттифоқи давлат котиби, Путин Санкт-Петербург мэри бўлганида ҳам у билан бирга ишлаган Дмитрий Мезенцев Минск сешанба куни «Беларусь ва Евроиттифоқ чегарасида рўй бераётган сўнгги воқеаларга хотиржамлик ва профессионаллик билан жавоб қайтараётгани»ни айтди.
Россиянинг БМТ қошидаги расмий вакили Василий Небензя Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши вақтида рўй бераётган ҳодисаларни 2015 йилдаги миграция инқирози билан қиёслади, ўшанда Европага 1,3 млн қочқин (асосан Суриядан) келганди. «Ўшанда Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатлари чегараларида ҳам ҳозирги каби ҳолат юзага келганида сиз бошқача гапиргандингиз. Энди эса санкциялар билан қўрқитмоқдасиз. Кимга? Нима учун? Сизга, Евроиттифоқ ҳудудига ўтмоқчи бўлганларни ўзида қабул қилишни истамаётгани учунми?» дея Небензянинг сўзларини келтиради ТАСС.
Чегарада нималар бўлмоқда?
Польша миллий хавфсизлик департаменти раҳбари Станислав Зарин сешанба куни Польша расмийлари сўнгги ойлар давомида айтиб келган гапларни такрорлади: чегарадаги мигрантлар ҳаракати Беларусь қуролли тузилмалари томонидан бошқарилмоқда.
Польша телевидениеси ҳам чегарадаги мигрантлар ўргатилган итлар етаклаган ҳарбийлар томонидан қўриқланаётгани ҳақида лавҳалар намойиш этди; ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳам чегара томон ҳаракатланган қочқинлар атрофида қуролланган кишилар бораётганини кўриш мумкин.
Мигрантларнинг ўзи эса Беларусь ҳукумати уларнинг телефонларини тортиб олгани ва Польша чегараси томон юришга мажбурлагани, энди эса кетишга рухсат беришгани ҳақида айтишган.
Барчанинг ҳам телефонлари олиб қўйилмаган. «Бизни ҳеч ким ҳеч қаерга ўтказмаяпти, на Беларусь, на Польша», деган BBC билан видеоалоқа орқали боғланган, чегарада ушланиб қолган ироқлик 33 ёшли Шван Курд. У ноябрь ойида қандай қилиб Бағдоддан Минскка учиб келгани, энди эса Польша чегараси яқинидаги палаткали лагерда яшашга мажбур бўлаётгани ҳақида гапириб берган.
«Борадиган жой йўқ. Поляклар бизни ўтказишмаяпти. Тунда улар вертолётларда учиб, ухлагани қўйишмаяпти. Биз оч қолиб кетдик. На сув ва на егулик бор. Бу ерда ёш болалар, қариялар, аёллар ва оилалар бор», дейди нашр суҳбатдоши.
Воқеа жойида олинган турли видео ва фотосуратларда кўриш мумкинки, мигрантларнинг кўпчилиги чегарадан ўтиш учун яхши тайёрланган: улар иссиқ кийинган, уларда палаткалар бор, шунингдек, болталар, белкураклар ва чегарадаги симтўсиқларни кесиш учун катта омбирлар билан қуролланган.

Польша НАТОга мурожаат қилиши мумкин
BBC’нинг Польша ва Беларусь чегарасида бўлиб турган корреспонденти Ник Бикнинг хабар беришича, Польша ҳукумати чегара ҳудудида фавқулодда ҳолат режимига амал қилинишини қатъий назорат қилмоқда ва журналистлар чегара чизиғига етиб бориши ва у ердан келаётган хабарларни текшириши деярли имконсиз иш.
Польша ички ишлар вазири ўринбосари Мацей Вансик сешанба куни берган телеинтервьюсида Варшава НАТОдан Шимолий Атлантика келишувининг 4-моддаси бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраши мумкинлигини айтди. Бу моддага кўра НАТОга аъзо давлат ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизликка таҳдид юзага келган ҳолларда иттифоқчилар билан шошилинч маслаҳатлашув ўтказилишини талаб этиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Вансик бу ҳукумат позицияси эмас, ўзининг шахсий фикри эканини қайд этган.
Беларусь ҳукумати уларнинг чегарачилари чегарада кучайтирилган режимда навбатчилик қилаётганини маълум қилган.
Ҳафта бошида тахминан тўрт минг қочқиндан иборат колонна (Беларусь томони маълумотига кўра, уларнинг аксари Ироқ курдлари) Гродно-Белосток трассасида пиёда йўлга тушиб, Польша-Беларусь чегарасининг шимолий участкаси томон ҳаракатланди.
Видеоларда кўриш мумкинки, қочқинларнинг айримлари - асосан ёш йигитлар - Беларусь томондан келаётган қочқинларнинг катта оқими йўлини тўсиш мақсадида поляклар томонидан ўрнатилган симтўсиқларни кесиш ва бузиб ўтишга ҳаракат қилган. Бундан ташқари, қочқинлар симтўсиқлар устига ўрмондан кесилган дарахт ходаларини ташлаб, кўприк қилишга уринишди. Польшалик чегарачилар ва ҳарбийлар уларни кўздан ёш сиздирувчи газ билан чекинтирди.

POLISH PRIME MINISTER
Польша ҳукумати чегаранинг бу участкасига қўшимча солдатлар ташлади, сешанба тонгида эса Гродно-Белосток трассасидаги Кузница чегара пункти ёпиб қўйилди.
Литва фавқулодда ҳолат режими эълон қилди
BBC рус хизматининг Болтиқ бўйи давлатларидаги корреспонденти Оксана Антоненконинг хабар беришича, Беларусь-Польша чегарасидаги воқеалар билан бир вақтда Литвадаги қочқинлар лагерида ҳам тўполон бошланган, ёзда бу ерга Беларусь томондан қочқинлар оқиб кела бошлаганди.
8 ноябрь куни - Польша-Беларусь чегарасида минглаб қочқинлар тўпланган маҳалда Литванинг тўртта аҳоли пунктида жойлашган қочқинлар орасида ҳам тартибсизликлар юзага келди, Мядининкай қишлоғидаги тўполон вақтида чегарачилар кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашди. «Мигрантларни тинчлантиришга уринишганида, айримлар қурол ва бошқа турли буюмлар кўтариб қаршилик кўрсатишди. Ҳеч ким жабрланмаган», дея Литва чегара хизмати вакили Гедрюс Мишутиснинг сўзларини келтирган Delfi.
9 ноябрь куни Литвадаги нашрлар бир неча юз кишидан иборат мигрантлар гуруҳи Польша чегарасидан Литва чегараси томон йўлга тушгани ҳақида хабар қилди. Литва чегара хизмати вакили Рокас Пукинскас BBC рус хизматига Литва томони ўз чегараси яқинида одамлар кўпчилик бўлиб тўпланишини қайд этмаган бўлса-да, чегарадан ноқонуний ўтишга уринишлар кўпайган. 8 ноябрь куни литвалик чегарачилар 73 мигрантни тутиб ортга қайтарган бўлса, 9 ноябрь куни бундайлар сони юзга яқин эди.
Литва парламенти сешанба куни ҳукуматнинг Беларусь билан чегара ҳудудида фавқулодда ҳолат режими жорий этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Режим Литва-Беларусь чегарасининг бутун узунлиги бўйлаб 5 километр чизиқда, шунингдек, рўйхатга олиш пунктларида, Кибартай, Медининкай, Пабрада, Рукла, Вильнюсдаги муҳожирлар жойлаштириладиган пунктларда ва улар атрофидаги 200 метр масофада амал қилади.
Фавқулодда ҳолат вақтида Литвага кириб келган ва бу ерга ўрнашган муҳожирлар ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш ва маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади, давлат идоралари ва муассасаларига мурожаат қилиш имконияти бундан мустасно. Шунингдек, фавқулодда ҳолат даврида давлат захиралари маблағларидан мигрантлар оқими туфайли келиб чиқадиган жамоат тинчлигига таҳдидни бартараф этиш мақсадида фойдаланиш мумкин.
Delfi.lt нашрининг аниқлик киритишича, фавқулодда ҳолат режими чегара ҳудудида чегарачилар рухсатисиз ҳаракатланишни, кўпчилик бўлиб йиғилишни тақиқлайди. Бундан ташқари, чегарачиларга чегара бузиб ўтилишининг олдини олиш мақсадида куч ишлатишга расман рухсат берилган.
Европа Лукашенкони айблади
Беларуснинг қўшнилари, ушбу мамлакатдан бораётган қочқинларнинг навбатдаги манзилига айланаётган Польша, Литва ва Латвия, шунингдек Евроиттифоқ ва НАТО Беларусь ҳукуматини Яқин Шарқдан атайлаб минглаб қочқинларни Минскка олиб келиш ва кейин санкциялар учун қасд олиш мақсадида Евроиттифоққа зарар етказиш учун чегараларга олиб боришда айбламоқда.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Евроиттифоқ Беларусга мигрантлар ташишда қатнашаётган учинчи давлат авиакомпанияларига қарши ҳам санкциялар қўллаш ҳақида ўйлаётганини маълум қилди. ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирларининг сўнгги учрашувида шу каби санкциялар муҳокама қилинган.
Ҳозирча Евроиттифоқ кенгаши Минск билан беларуслик расмийларга виза беришни соддалаштириш бўйича келишув бекор қилинганини эълон қилди.
«Биз миграцияни босим воситасига айлантиришда давом этаётган Беларусь режимининг ҳаракатларини қатъий қоралаймиз ва инкор этамиз. Одамларнинг ҳаёти билан бу тахлит ўйнашишга тоқат қилиб бўлмайди. Бугунги қарор бизнинг бу гибрид ҳужумга қарши туришда қатъийлигимизни яна бир бор намойиш этади», деди бу борада ЕИ кенгашининг ички масалалар бўйича раиси ва Словения ички ишлар вазири Алеш Хойс.
Евроиттифоқни БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳам қўллаб-қувватлади. «Қочқинлар, бошпана излаётган инсонлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйиб бўлмайди ва бунга чек қўйилиши керак», деди бошқарма матбуот котиби Шабия Манту.
Минскдагилар тан олмаяпти
Президент Александр Лукашенко бошчилигидаги Беларусь ҳукумати жанубий мамлакатлардан Европа Иттифоқи чегараларига мигрантларни ташиб келишни ташкиллаштиргани ҳақидаги айбловларни рад этиб, қўлланган санкциялар туфайли Беларусда ноқонуний қочқинлани ўз ҳудудида сақлаб туриш учун пул йўқлигини таъкидлади. Сешанба куни Беларусь чегара қўмитаси Польша ҳукуматини қочқинларга қарши қурол ва куч ишлатишда айблаб, Кужница чегара пунктини ёпиб қўйишга ҳеч қандай сабаб бўлмаганини қайд этди.
BBC корреспонденти Пол Адамс Ироқдан бўлган, октябрь ойида рафиқаси ва уч фарзанди билан Минскка келган мигрантлардан бирининг акаси Барва Нусриддин Аҳмад билан гаплашди. «Одамлар билишади, улардан фойдаланишмоқда, аммо уларда бошқача келажак йўқ», деган у. Ҳозирда чегарада туриб қолган одамлар тунда музлаб қолмоқда, уларда сув ва егулик деярли йўқ.
Унинг сўзларига кўра, душанба кунги Польша чегараси томон марш мигрантларнинг ўзи томонидан ижтимоий тармоқларда келишилган ҳолда уюштирилган. Шу билан бирга, Аҳмад Беларусь ҳукумати уларни шундай ҳаракатга ундаганини ҳам тахмин қилган.
Тавсия этамиз
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
20 июлдан бошлаб 1-2 кунга хорижга чиққанлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди
Иқтисодиёт | 19:31 / 15.07.2025
Болаларни итдек вовуллатган «дефектолог»га янги жиноий иш очилди
Жамият | 18:06 / 15.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Украина Россияга келаси ҳафта янги музокаралар ўтказишни таклиф қилди – Зеленский
Жаҳон | 23:10 / 19.07.2025
-
Хитой Тибетда дунёдаги энг йирик ГЭС қуришни бошлади
Жаҳон | 22:48 / 19.07.2025
-
Озарбойжон AZAL самолёти ҳалокати бўйича Россияга қарши халқаро даъво тайёрламоқда
Жаҳон | 22:12 / 19.07.2025
-
Кластерларнинг фермерлар олдида жуда катта қарздорлиги бор — Қудбиев
Иқтисодиёт | 21:56 / 19.07.2025
Мавзуга оид

07:37 / 03.07.2025
Лукашенко йил охиригача «Орешник» Беларусда жойлаштирилишини маълум қилди

18:47 / 02.07.2025
Лукашенко 16 кишини, жумладан, «экстремистик» жиноятларда айбланганларни афв этди.

18:13 / 21.06.2025
Трампнинг махсус вакили Келлог Минскда Лукашенко билан учрашди

23:02 / 12.06.2025