Жамият | 20:27 / 10.11.2021
2430
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қоидаларни бузиб ҳаракатланган Nexia бошқа бир Nexia билан тўқнашди. Йўловчи тан жароҳати олди

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти Денов туманида иккита Nexia тўқнашган. Оқибатда йўловчилардан бири тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 8 ноябрь куни соат 16:37 да давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-100 автомобил йўлининг Денов тумани, «Тасмасой» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 168-километрида иккита Nexia иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

1997 йилда туғилган ҳайдовчи Д.Р. Nexia машинасида ҳаракатланаётиб, қувиб ўтиш қоидаларини бузган ва 1987 йилда туғилган Ф.Б. бошқарувидаги Nexia машинаси билан тўқнашган. Сўнг бошқарувни йўқотиб йўл четидаги темир устунга урилган.

Оқибатда, қоидабузар ҳайдовчи бошқарувида бўлган Nexia машинасида йўловчи сифатида кетаётган Г.Т. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Шунингдек, ҳар иккала машина жиддий шикастланган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Денов тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид