Ўзбекистон | 11:26 / 11.11.2021
8840
2 дақиқада ўқилади

ССВ тизимидаги кўп тармоқли клиника фаолиятида 9,7 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди

Аксилкоррупция агентлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази кўп тармоқли клиникасида бюджет маблағларини талон-торож қилиш, ишламаган ходимлар учун ойлик тўлаш ва давлат харидлари соҳасида кўплаб молиявий қонунбузарликлар аниқланган ҳамда тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази кўп тармоқли клиникасида бюджет маблағлари фойдаланилиши ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича ўрганиш ўтказилди.

Агентликнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўрганишда Клиника мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларидан фойдаланиш, пулли тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, давлат харидларини амалга оширишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, ўрганиш якуни бўйича Клиника фаолиятида жами 9 миллиард 747 миллион 598 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шундан 586 миллион 798 минг сўмлик бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани маълум бўлди.

Мавжуд аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Шунингдек, тақдим этилган ҳужжатлар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази кўп тармоқли клиникаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид