Ўзбекистон | 13:26 / 13.11.2021
3053
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Медиа-тур ташкил этилди

Президент раислигида 2 ноябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ ижроси доирасида Фарғона вилояти Боғдод туманида бунёд этилган Гулистон йўлдош шаҳарчаси ҳамда вилоятда амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан таништириш мақсадида Республика ОАВ вакиллари учун 8-9 ноябрь кунлари Медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-тур иштирокчилари дастлаб Фарғона шаҳридаги касб-ҳунар мактабида ташкил этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш маросимида қатнашди.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари Фарғона шаҳридаги “Fergana global textile” корхонасида бўлди. Меҳмонлар пахта хомашёсини ўзида қайта ишлаб, мато ҳолатига келтираётган корхона фаолияти билан танишди.  

Халқаро аэропорт яқинидаги “Илғор” МФЙ ҳудудида 300 гектар майдонда барпо этилаётган Экошаҳар иштирокчиларнинг навбатдаги манзили бўлди. Экошаҳар лойиҳаси билан танишган ОАВ вакиллари кейинги манзилда Олтиариқ туманидаги “NIRT FRUIT” мевачилик фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган мева-сабзавотларни сақлаш ва унинг экспорти билан боғлиқ маълумотларга эга бўлишди.

Медиа-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар Боғдод тумани Гулистон шаҳарчасида бунёд этилган, президент ташаббуси билан бошланиб, “Боғдод тажрибаси” сифатида эътироф этилган 61 та кўп қаватли турар-жой бинолари ҳамда маҳалла биноси, коворкинг маркази, маданият саройи, поликлиника, мактабгача таълим муассасаси, умумий ўрта таълим мактаби, спорт-соғломлаштириш ва кўплаб савдо мажмуалари фаолияти билан танишди.

Туман ҳокими Восилжон Назаров медиа-тур иштирокчиларига Гулистон шаҳарча ҳақида маълумот берди.

В.Назаровнинг таъкидлашича, Янги массив бунёд этилиши ҳисобига тумандаги 1 минг 200 дан ортиқ оила уй-жойли бўлган. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ёндош ҳудудда ҳар бири 10 сотихдан иборат мингта иссиқхона барпо этилган. Бу иссиқхоналарнинг 400 тадан зиёдроғи ўз эгаларига топширилган. Шунингдек, “Мурувват” кичик саноат зонасида ўнлаб янги тадбиркорлик лойиҳалари туфайли 280 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Пресс-тур иштирокчилари йўлдош шаҳарчадаги янги хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Чин етимларга қурилаётган 2 сотихли уйлар, маданият саройи, мактаб ва боғча ҳамда иссиқхона фаолияти билан танишди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида, “Томорқадан боққа” шиори остида ўтказилган кўчат экиш акциясида иштирок этишди.

Режага кўра, медиа-тур иштирокчилари Қўқон эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Andelaia” эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқариш, ҳамда “Kokand bicyclesk” велосипед ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишдилар.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид