Жамоатчиликка маълум бўлган сўнгги айрим воқеалар соҳада соғлом рақобатга қарши ҳаракатлар ва манфаатлар тўқнашуви содир бўлаётганини очиқ-равшан кўрсатмоқда.
Бирлашган Араб Амирликларининг дунёга машҳур Flydubai лоукостер авиакомпанияси Ўзбекистон Транспорт вазирлигидан норози эканини билдирмоқда. Боиси — уларга ваъда қилинган ҳафтада 7 кунлик рейсларни ташкил этилишига рухсат берилмаяпти.
Kun.uz бу ҳақда аввалроқ мақола эълон қилган эди. Вазиятни қисқача тушунтирадиган бўлсак: Flydubai 2019 йилда йўлга қўйилган Дубай–Тошкент–Дубай йўналишидаги авиақатновларни ҳафтада 7 кун (ҳар куни, узлуксиз!) амалга ошириши керак бўлган. Аммо орадан икки йилдан кўп вақт ўтса-да, рейслар халқаро келишувда кўзда тутилганидек ҳафтада 7 кун эмас, 6 кун амалга оширилмоқда.
Узоқ вақт давом этган музокара ва ёзишмалардан сўнг шу йил 11 октябр куни Транспорт вазирлигининг Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти директори Дониёр Жумаев имзоси билан Flydubai'га йўлланган 10/6352-7892-сонли хатда Дубай–Тошкент–Дубай йўналишида рейслар сонини ҳафтасига 7 тага кўпайтиришга розилик берилади.
Аммо, орадан ўн кун ўтиб, Flydubai'га яна Дониёр Жумаевнинг имзоси билан навбатдаги хат йўлланади. Унда аввалги хат (№10/6352-7892) бекор бўлгани маълум қилинади. Бу ҳаракатларнинг сабаблари тушунтирилмайди. Масала 2022 йилда муҳокама қилиниши айтилиб, компаниядан узр сўралади, холос.
Савол туғилади: Нега шундай бўлмоқда? Нима учун имконият сўраб мурожаат қилаётган Flydubai авиакомпаниясига рад жавоби берилмоқда? Халқаро келишувга нега амал қилинмаяпти?
Иқтисодчи Отабек Бакиров: “Транспорт вазири ўзи раҳбарлик қиладиган Uzbekistan Airways рақобатчиларини қўллаши мумкинми?” дея риторик савол қўяди ва вазиятга қуйидаги ечимларни беради:
“Биринчиси, транспорт вазири [Илҳом Маҳкамов] Uzbekistan Airways'га раҳбарлик қилмаслиги лозим. Бу қонунчилик руҳигаям, очиқ бозор принципларигаям зид.
Иккинчидан, “Очиқ осмон” режими амалда ишлаши таъминланиши зарур. Аслида айнан шу иш Транспорт вазирининг иши, рухсат бериш эмас.







