20:46 / 13.11.2021
22082

Қорақалпоғистонда ИИВ ходими пора билан қўлга олинди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими Р.Э, фуқаролар К.У. ва А.Х. маҳаллий тадбиркорнинг маҳсулотларини Хоразм вилоятига ўтказиш эвазига пора олаётган вақтда қўлга олинган.

Тадбир фуқародан келиб тушган ариза асосида 2-3 ноябрь кунлари Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбирда дастлаб фуқаро К.У. тадбиркордан 50 та юк машинаси учун 3,5 млн сўмдан жами 175 млн сўм миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.

Суриштирувда К.У. қўлга киритилган пул маблағларини шериги А.Х.га олиб бориб бериши кераклигини, у эса ушбу пулларни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ходимларига бериши лозимлигини маълум қилган. Шунга кўра, шериги А.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Тадбирнинг кейинги қисмида фуқаро К.У. 50 та юк машинасидан фақат 10 тасини ЙПХ масканидан ўтказиш учун 35 миллион сўм миқдоридаги пулни олаётган вақтда қўлга олинган.

Агентликнинг маълум қилишича, қўлга тушган А.Х. ҳам тадбирни давом эттиришга рози бўлиб, ариза билан мурожаат қилади.

“Шадли аул” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ходими Р.Э. тонг отгунигача оз вақт қолгани учун фақат 3 та маҳсулот юкланган транспорт воситасини ўтказишини билдиради. Тадбирнинг 3-қисмида ИИВ ходими Р.Э. фуқаро А.Х.дан пул маблағларини олган вақтда қўлга олинган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, юқоридаги шахсларга нисбатан Хоразм вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ва 25, 211-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 ноябр куни Андижон вилояти прокуратураси масъул ходими 30 минг доллар пора олаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олингани хабар берилган эди.

Top