19:29 / 14.11.2021
6095

Кувайт амири ҳукуматнинг истеъфосини қабул қилди

Кувайт амири шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ бош вазир Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ ва унинг ҳукумати истеъфосини қабул қилди.

Фото: Nasser Waggi / AP

KUNA ахборот агентлигининг хабар беришича, амир истеъфога чиқарилган вазирлар маҳкамаси янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар вақтинча ўз фаолиятини давом эттириши ҳақида фармон қабул қилган.

8 ноябрда Al Qabas нашри манбаларга таяниб, Кувайт бош вазири амирга истеъфога чиқиши ҳақида ариза топширганини маълум қилганди. Бироқ ўшанда бунинг сабаблари келтирилмаган.

Бу Кувайтда жорий йилда ҳукуматнинг иккинчи истеъфосидир. Бу вазият парламент ва ҳукумат, яъни ёш ва кекса элиталар муносабатидаги инқироз ортида юз бермоқда. 2020 йил декабрда мамлакатда ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра, амирликнинг 50 ўриндан иборат парламентининг 60 фоизи янгиланганди. 2021 йил январида бош вазир парламентга чақиртирилиб, вазирлик лавозимларига малакасиз шахсларни тайинлаганликда айбланган. Шундан кейин ҳукумат бир ой ишлашга ҳам улгурмасдан истеъфога чиққан. 2 март куни амир фармони билан янги ҳукумат шакллантирилган.

Top