Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳафтасига камда 2,5 соат фаол бўлишни тавсия қилади. Кўпчилик одатланмагани, вақти ва имкони йўқлиги учун жисмоний машқлар билан шуғулланмайди. Бу эса саломатликка жиддий таъсир кўрсатади.

Қуйида кун тартибингиз ўта тиғиз бўлса ҳам соғлиқ учун зарур бўлган ҳаракатлар нормасини қандай қилиб бажариш ҳақида маълумот берилади.

1. Бадантарбия қилинг

Тонгги машқлар 10 дақиқадан кўп вақт олмайди, бироқ кун бўйи тетик бўлишда ёрдам беради. Агар тўлақонли машқлар комплекси учун вақтингиз етмаса, чой қайнагунича ёки бўтқа тайёр бўлгунига қадар бажаришингиз мумкин.

2. Ҳар қандай қулай вазиятда пиёда юринг

Пиёда юришда югуришга қараганда камроқ калория сарфланиши рост. Бироқ унинг саломатлик учун бир қатор афзалликлари бор:

  • ширинликлар ейишга ўчликни камайтиради;
  • иммунитетни яхшилайди;
  • бўғим касалликларининг олдини олади;
  • стрессга қарши курашишда ёрдам бериб, кайфиятни кўтаради.

Пиёда юриш учун бир неча соат вақт сарфлаш шарт эмас. Ишлаш вақтида ўрнингиздан туриб, хонада юришингиз, телефонда гаплашаётганда йўлак бўйлаб пиёда сайр қилишингиз, ишга кетаётганда бир бекат олдинроқ тушиб, манзилгача юриб кетишингиз мумкин.

3. Юқорига зина орқали чиқинг

Зина орқали юриб чиқиш юракни машқ қилдириб, оёқ мушакларини мустаҳкамлайди ва оддий юришга қараганда кўпроқ калория сарфлашга ёрдам беради. Зинадан тушаётганда ҳам дақиқасига қўшимча 5 ккал сарфлайсиз. Зинадан кўтарилиш учун эса икки марта кўп – дақиқасига 10 ккалга яқин талаб этилади.

4. Дўконда аравача ўрнига саватчадан фойдаланинг

Агар бир ҳафта учун бозорлик қилмоқчи бўлмасангиз, саватчадан фойдаланинг. Ана шунда кўпроқ калория сарфлайсиз. Бу елканинг юқори қисми учун ҳам машқ бўлади.

5. Машинани узоқроқда қолдиринг

Машинани одатда уйга, савдо маркази ёки офисга яқинроқ жойда қолдиришга ҳаракат қиламиз. Пиёда юриш энг яхши дўстимиз эканини унутманг. Машинани 100 метр узоқроқда қолдиринг. Шу тариқа пиёда сайр қилиш имконига эга бўласиз, бўш жой излаб асабийлашмайсиз ва автомобилни тасодифий тирналишлардан ҳимоя қиласиз.