Фан-техника | 17:56 / 14.11.2021
33313
4 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши ихтиролари, Ойга парвозни кечиктирган NASA, бошқарувчисиз юк машинаси – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технохабарларни жамлади.

NASA

2021 йилнинг энг яхши ихтиролари

Time нашри 2021 йилнинг энг яхши ихтироларини эълон қилди.

Муаллифлар энг яхши дастурлар деб маълумотлар изловчи Neeva, Subdial тревога тугмаси дастурлари ва интерфаол харита MTA Live Subway Map’ни топишган.

“VR ва AR” бўлимига Lenovo ThinkReality A3 Smart ва Qualcomm Snapdragon XR2 виртуал реаллик кўзойнаклари, Google Maps учун тўлдирилган реаллик режими киритилган.

“Истеъмолчилик электроникаси” бўлимидан Paper Shoot Camera фотоаппарати, Samsung Galaxy Z Flip3 букланувчи смартфони, Framework Laptop ноутбуги, Vecnos IQUI “ақлли” селфи-таёқчаси, JLab JBuds Frames смарт-кўзойнаклари жой олган.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги энг яхши ихтиролар қаторига коронавирус ва безгакка қарши вакциналар киритилган.

Hyundai’дан ретрофутуризм услубидаги электромобил

Hyundai компанияси қайта тикланган ва модификация қилинган Heritage сериясидаги иккинчи автомобилни намойиш этди.

Компания Mitsubishi билан биргаликда чиқарган 1986 йил Grandeur седани моделини янгилади.

Автомобилнинг ташқи кўриниши деярли 80-йиллардаги каби, бироқ унга пикселли светодиод фара ва чироқлар ўрнатилган. Шунингдек, айрим безак элементлари хром билан қопланган.

Машина ичида ҳамма нарса ўзгартирилган: овоз ва бошқарув панелига эга кенг форматли сенсор экран ўрнатилган, фон ёритгичи ва кўзгу эффектидаги том қўйилган. Бундан ташқари, соатларни сақлаш учун махсус слот ва виртуал пианино каби яширин деталлар ҳам бор.

Хитой компаниясидан Homtruck электр юк машинаси

Янги электр юк машинаси Европа, Корея, Япония ва Шимолий Америка бозорларига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Homtruck метанолдаги гибрид электр двигатель ва фақат электр двигателда тақдим этилади. Юк машинасида душ, ҳожатхона, бир кишилик каравот, музлатгич, ошхона ҳудуди ва кир ювиш машинаси бўлади.

Электр юк машинаси бошқарувчисиз машина ҳайдаш технологиясидан қисман фойдаланади. Узоқ вақт юриш давомида машиналар бир-бири билан ҳамкорлик қилиши, хавфсиз тезлик ва масофани сақлаб туриши мумкин.

2026 йилга бориб компания автоном бошқариш функциясини яхшилашни ва 2030 йилгача эса Homtruck’ни тўлиқ бошқарувчисиз электр юк машинасига айлантиришни режалаштирмоқда.

NASA Ойга парвоз санасини ўзгартирди

АҚШ Аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бўйича миллий бошқармаси Ойга парвоз ва қўниш санасини 2025 йилга кўчирди.

Бундан ташқари, парвоз муддати ўзгартирилишига техник мураккабликлар ҳам таъсир ўтказди. 2017 йилда собиқ президент Дональд Трамп администрацияси 2024 йилни астронавтларнинг Ойга қўниши санаси деб белгилаган эди. Бунгача мазкур жараён 2028 йилга режалаштирилаётганди.

Blue Origin компанияси NASA’нинг Ойга янги миссияси учун қўниш модулини лойиҳалаш бўйича SpaceX’нинг танланишига қарши чиқишга ҳаракат қилди. Жефф Безос компанияси ҳам Dynetics мудофаа пудратчиси сифатида бу вазифани бажаришга даъвогар эди.

Мавзуга оид