Жаҳон | 22:01 / 30.12.2023
13819
9 дақиқада ўқилади

Украина фронтида фаоллашув ва турклар розилигини олган шведлар – ҳафта дайжести

2023 йилнинг охирги ҳафтаси якунланмоқда. Ортда қолган ҳафта ҳам асосан урушлар, истилолар ва можаролар билан ёдда қолди. Қуйида ортда қолаётган ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини эслаймиз.

Навалнийнинг дараги чиқди

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийдан анча вақт дарак бўлмаган, адвокатлари уни охирги йилларда сақланаётган Владимир областидаги қамоқхонадан тополмаётганди.

Фото: Медуза

19 кун ўтиб сиёсатчининг Сибирдаги бошқа қамоқхонадан дараги чиқди. Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, уни Ямал-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган қамоқхонага олиб кетишган.

Адвокат Навалний билан кўришган ва аҳволи яхши эканини айтган. Навалний жамоаси етакчиларидан бўлган Иван Жданов бу қамоқхонада шароит оғирлиги, жуда совуқ махсус режимли қамоқхона эканини айтган.

Навалнийнинг Telegram-каналида 26 декабр куни унинг номидан ёзилган пост пайдо бўлди. Унда айтилишича, мухолифатчини Владимир – Москва – Челябинск – Екатеринбург – Киров – Воркута – Харп йўналиши бўйича махсус режимли қамоқхонага олиб боришган. «Мен сизнинг янги аёзбобонгизман, фақат ҳозирча кийикларим йўқ. Махсус режимдаги аёзбобо бўлганим учун совғани фақат ўзини жуда ёмон тутганлар олади», деб ёзди Навалний каналида.

Россия Марйинкани эгаллади

Ушбу ҳафтада Россия Украинанинг яна бир шаҳрини эгаллаб олди. Донецк вилоятидаги Марйинка шаҳри ишғол қилинди. Аввалига бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Путинга берган ҳисоботида айтди. Кейинроқ Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний украиналиклар чиндан шаҳардан чиққанини тасдиқлади.

Вайронага айланган Марйинка шаҳри
Фото: AP

Бу шаҳар учун жанглар уруш бошланганидан буён давом этаётган, руслар шаҳар эгаллангани ҳақида бунгача ҳам бир неча марта хабар қилган. Донецкдан 5 км узоқда бўлган бу шаҳар эгалланиши русларга тактик устунлик бериши айтилмоқда.

Чунки Марйинкадан кейин асосан очиқ жойлар ва далалар, яъни ҳужум қилиш осон бўлган майдондан бошланади. Аёвсиз жанглар оқибатида Бахмут ва Соледар каби Марйинканинг ҳам «кули кўкка совурилган», шаҳардан асар ҳам қолмаган.

Қримдаги бандаргоҳга ҳужум: русларнинг десантчи кемаси йўқ қилинди

Украина армияси аннексия қилинган Қримдаги Феодосия портига ҳужум қилиб Россиянинг «Новочеркасск» катта десант кемаси йўқ қилинганини хабар қилди. Зарбадан кейин ҳудудда кучли портлаш акс этган видеолар тарқалди. Россия томони ҳужум фактини таслиқлаган.

«Новочеркасск» десантчи кемаси амалиёт вақтида
Фото: РИА Новости

480 тоннагача юк ортиш мумкин бўлган ушбу кема десант ташлашга мослашган. Унда бир вақтнинг ўзида 150 нафар қуролланган десантчилар жойлашиши мумкин. Бундан ташқари, танк ва бошқа турдаги зирҳли техникаларни таший олади.

Фото: Видеодан кадр

Astra мустақил нашрининг ёзишича, ҳужум вақтида кемада 77 нафар денгизчи бўлган ва уларнинг 35 нафари бедарак йўқолган. Шунингдек, портлаш содир бўлган жой яқинидан Британия томонидан Украинага юборилган Strom Shaddow ракетаси қолдиқлари топилган.

Туркия парламенти тасдиқлади

Туркия парламентининг ташқи ишлар комиссияси 26 декабр, сешанба куни Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризасини маъқуллади. Энди шведлар аризаси Туркия парламенти Бош ассамблеясидаги овоз бериш жараёнидан ҳам ўтса, мамлакат НАТОга қўшилиши учун Туркия томондан тўсиқ қолмайди.

Швеция 2022 йил Россия қўшниси Украинага бостириб кирганидан кейин ўз хавфсизлигини таъминлаш учун Финландия билан бирга НАТОга кириш учун ариза топширганди. Қоидага кўра НАТОга кириш учун ушбу янги аъзо алянсга киришини қолган давлатлар тасдиқлаши керак. Аммо турк мухолифатчиларига сиёсий бошпана берадиган Швеция алянсга киришига Туркия қарши чиқади. Шунингдек, Россияга мойил бўлган Венгрия ҳам бу аризани қўлламайди.

Кўплаб музокаралардан кейин Туркия президенти Ражаб-Тоййиб Эрдўған октябр ойида Швециянинг НАТОга қўшилиш аризасини мамлакат парламентига кўриб чиқиш учун юбориб, ҳужжатни имзолаганди. Энди шведлар НАТОга киришини Венгрия ҳам тасдиқлаши керак.

Залужний матбуот анжумани

Ушбу ҳафтада Зеленскийдан кейин Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ҳам илк марта матбуот анжуманида иштирок этиб, саволларга жавоб берди.

ОАВда кўп ҳам кўриниш беравермайдиган Залужний матбуот анжумани олдидан бир муддат миллий телемарафонга қўшилди ҳамда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ҳарбий қўмондонлик келгуси йилда 450-500 минг кишини сафарбар этиш бўйича таклиф бергани ҳақида айтган сўзларига муносабатини билдирди.

Фото: AFP

«Бу рақамни очиқлай олмаймиз, чунки бу ҳарбий сир. Биз ресурслар – ҳарбий техника ва одамлар учун сўровлар шакллантирамиз. Таклифларни мудофаа вазирлигига киритамиз, қолганини вазирлик ҳал қилади. Бизга снарядлар, қурол ва одамлар зарур», деди қўмондон.

Залужний ҳарбий хизматга чақириш ёшини кичрайтириш, хизматдан бўйин товлаганлар учун жазони кучайтириш ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, бу нарсалар бош штабнинг иши эмаслигини айтди

«Биз армиямиз ва биз тинч аҳоли ҳаётига аралашмасдан, фақат жанг қилишимиз керак», деди у.

Залужний ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганига олти ой бўлган ҳарбий хизматчиларнинг мажбурий ротацияси бўйича фирк билдирар экан фронтда жанг қилаётганлар мусобақада эмас, урушда эканини эслатди: «Албатта бу норма бўлишини истардим. Аммо одамларимиз мусобақада эмас, бу бутун дунё кузатаётган шоу эмас. Фронтдаги вазият рақибнинг ҳаракатларига боғлиқ. Биз олти, беш ёки уч ойдан кейин нима бўлишини башорат қила олмаймиз», – деди қўмондон.

Трампни блоклаш «челленжи»га яна бир штат қўшилди

АҚШнинг яна бир штати Доналд Трампга праймериз сайловларида қатнашишни тақиқлади. Олдинроқ Колорадо штат суди АҚШ конституцияси 14-тузатишида исён ва қўзғолонда қатнашганлар давлат лавозимини эгаллашини тақиқланиши қайд этилганига асосланиб, Трампга республикачилар праймеризида қатнашишни тақиқлаганди.

Мэн штатида ҳам Трамга праймериз сайловларида қатнашиш тақиқланди ва бу учун суд ҳам керак бўлмади. Штат давлат котиби Шанна Беллоуз юқоридаги 14-тузатишга асосланиб бу бўйича қарор чиқарди. Шанна Беллоузга кўра, Трамп ўз чиқиши билан 6 январдаги тартибсизликларга туртки берган ва уларни тўхтатиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаган.

Аввалроқ Трамп Беллоуздан унинг праймеризларини кўриб чиқишда қатнашмасликни талаб қилган ва буни демократлардан сайланган собиқ сенатор экани билан изоҳлаганди.

Россиянинг Украинага ракета зарбалари

29 декабрга ўтар кечаси Россия Украина бўйлаб ёппасига ракета ва дрон билан ҳужум уюштирди. Россия армияси ҳужумларда Эроннинг Shahed дронлари, ванотли ва зенит ракеталардан фойдаланди. Ҳозиргача 17 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ одам яралангани маълум.

Фото: Telegram

Украина Қуролли кучлари расмий вакили Юрий Игнатнинг айтишича, руслар «Кинжал» ракеталари ва баллистик ракеталардан ҳам фойдаланган. Россия тунги ҳужумлар учун 18 та стратегик бомбардимончи самолётдан фойдаланган. «Мониторимизда бир вақтнинг ўзида бу қадар кўп нишонларни кўрмагандик», деган Игнат.

Фото: Telegram

Россия ракета ва дронлари Киев, Обесса, Днипро, Харкив, Запорижжя, Конотоп ва ҳатто Лвив шаҳридаги биноларни вайрон қилган. Россия томони ҳужум уюштирганини тасдиқлаб, ракеталар гўёки ҳарбий объектларга ёғдирилганини иддао қилган.

29 декабр кечга бориб Россия Лвивга учирган ракеталардан бири Полша ҳудудига бориб тушгани ҳам маълум бўлди. Полша бош штаби мамлакат ҳудудига тушган ракета Россияга тегишли эканини маълум қилди. Мамлакат президенти Анжей Дуда ҳарбийлар иштирокида миллий хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишини ўтказди.

Шунингдек, украин нашрларида Россиянинг Курск областида русларнинг Ту-22м3 самолёти уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарни икки томон ҳам тасдиқлагани йўқ.

Мавзуга оид