Чиқинди ортидан чиқаётган муаммолар: Термиз ва Навоийдаги кластерлар уни қандай бартараф этмоқда?
Экология тобора ёмонлашиб бораётган даврда яшаяпмиз. Буни Ўзбекистонда ҳам сезиш қийин эмас. Тобора иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини ўз танамизда ҳис қиляпмиз.
Биз одатда телевизорда турли хабарлар орқали кўриб борадиганимиз глобал исиш, ўрмон ёнғинлари, кучли ёғингарчиликлар, аномал иссиқ ёки аномал совуқ, сув тошқинлари, музликлар эриши каби ҳолатлар биздан узоқ-узоқларда, қандайдир параллел оламда содир бўлаётгандек, гўё бизга дахли йўқдек... Шу пайтгача шундай эди, аммо сўнгги йилларда, айниқса, шу йили биз иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини ўз танамизда ҳис қила бошладик.
Ёғинлар камлиги туфайли сув омборлари ва кўлларда сув миқдори критик даражада камайиб кетиши, ерости сувлари захиралари камайиб бораётгани, ўта иссиқ ёз ва совуқ қиш, куз ва баҳорда ёғинларнинг деярли йўқлиги, яшилликка қирон келтириб, шаҳар-у қишлоқларни бетонлаштираётганимиз каби муаммолар ҳақида тинимсиз жар солинса-да, ишлар яхши томонга кетмаётганини кўриб турибмиз.
Бу барча муаммолар орасида биз бироз унутган, унчалик эътибор бермаган бир катта муаммо борки, унинг зарарларини эртага кутаётган пайтимизда, бошқа муаммолар каби, бугунимиздаёқ намоён бўла бошлади. Бу – чиқинди муаммоси!
Инсон борки ўзидан чиқинди чиқаради, унинг фаолияти ишлаб чиқариш ва чиқит чиқаришдан иборат. Ҳар биримиз истеъмолчимиз ва зараркунандамиз. Еймиз, ичамиз, юрамиз, дам оламиз, қурамиз, ясаймиз, ўйлаб топамиз – маиший ва турли бошқа чиқиндилар бизнинг маҳсулимиз. Миллионлаб тонна чиқинди Ер куррасини ифлослантиргандан ифлослантирмоқда.
Бунинг зарарини камайтириш учун айнан инсоннинг ўзи турли ечимлар топмоқда, амалга татбиқ қилмоқда. Дунё бўйлаб чиқинди муаммоси аллақачон глобал миқёсга чиқиб улгурди, биз ҳам дунёдан айро эмасмиз, Ўзбекистон ҳам мана шу сайёрада жойлашган. Биз ҳозирданоқ чиқинди муаммосини ҳал қилмасак, бугун озроқ миқдорда сезилаётган ноқулайликлар эртага ҳаётимизни тубдан ёмон томонга ўзгартириб юборади.
Сурхондарё ва Навоийга сафар қилдик ва чиқиндини қайта ишлаш кластерлари билан танишдик. Сафар давомида биз чиқинди полигонларини айландик — гектарлаб майдонлар зарар ва заҳарга тўлиб ётганига гувоҳ бўлдик, чириётган чиқинди чиқараётган заҳарли моддалар ерости сувларига етиб бориб, бизни заҳарлаши мумкинлигини тушундик.
Чиқинди қандай йиғиштириб, олиб чиқиб кетилиши, бу йўлдаги масалалар қай тарзда ҳал қилинаётгани ёки ҳал қилинмаётгани ҳақида тасаввурга эга бўлдик. Чиқиндилар турлича – маиший, қурилиш, тиббиёт ва яна бир қанча классификацияларга бўлинишини, бирини бири билан аралаштириш ёмон оқибатларга олиб келишини билиб олдик.
Энг муҳими — қайта ишлашни 100 фоизга етказиш мумкинлиги, бу орқали полигонларни бўшатиб олишнинг имкони борлигини билдик. Буларнинг барчасини амалга оширишга бел боғлаган кластерлар олдидаги муаммолар ўта долзарб экани, уларни зудлик билан ҳал қилиш лозимлиги ҳақида эшитдик.
Термиздаги «Bio Texno Eco» чиқиндини қайта ишлаш кластери асосчиси Илҳомжон Боқижонов ана шу муаммолар ҳақида сўзлаб берди. Кластерлар дуч келаётган муаммолар биргина у яшаб, фаолият олиб бораётган Сурхондарёгагина тегишли эмас, балки бутун Ўзбекистонда мана шундай муаммо борлиги, Тошкентда эса қайта ишлаш деярли йўқ эканини айтди.
Термиз ва унинг атроф туманларига хизмат кўрсатаётган кластер дуч келаётган муаммолар, умуман, чиқинди соҳасида шунча муаммо бўлиши мумкинлиги кишини ҳайрон қолдиради.
Навоий вилоятидаги «Бережливость» кластери раҳбари Арман Бердиев эса айни ўхшаш муаммолар туфайли фаолиятини якунлаши эҳтимоли борлигини айтиб берди.
Улар қонун чиқарувчи органлар, мамлакат президенти томонидан барча ҳуқуқий асослар яратилгани, қонун, қоида, фармонлар чиқарилгани, аммо уларни амалга татбиқ этиш, ижро қилиш масаласи қаттиқ оқсаётганини айтиб ўтишди. Бунда жойлардаги ижро органлари сусткашликка йўл қўяётгани бор гап.
Чиқиндининг саёҳати, деб шартли номлаш мумкин бўлган бу кўрсатув ана шу барча муаммоларни рўйи-рост очиб бериш ниятида суратга олинди. Умидимиз, жойлардаги мутасаддилар ҳам кўрсатувимизни кўрадилар, ўзлари хулоса чиқарадилар ва бу соҳада силжимай турган муаммоларни бартараф этиш йўлида камарбаста бўладилар.
Бобур Акмалов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Маҳмуд Солиев
Мавзуга оид
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
12:58 / 19.12.2024
Ўзбекистон бўйлаб икки мингга яқин ноқонуний чиқиндихоналар аниқланди — «Ўзбеккосмос»
14:48 / 18.12.2024
Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборилди
17:11 / 16.12.2024