Ўзбекистон | 10:30
669
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 11 та чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш заводи қурилади

Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида умумий қиймати 1,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 11 та замонавий завод қурилиши режалаштирилган.

Фото: Shanghai SUS Environment

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган 6 та чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда.

Ушбу корхоналар ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна маиший чиқинди қайта ишланади ва 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, умумий қиймати 633 миллион доллар бўлган яна 5 та шундай завод қурилиши ҳам бошланиши режалаштирилган. Шу тариқа, мамлакат бўйлаб чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган бундай йирик объектлар сони 11 тага етади.

Самарқанд вилоятида барпо этилаётган завод 2027 йил бошида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Корхона бир кунда 1,5 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, йилига 240 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Ҳукумат 2026 йил якунига қадар чиқинди полигонлари сонини 32,6 фоизга, 2030 йилга бориб эса 50 фоизга қисқартиришни мақсад қилган. Шунингдек, яна 18 та полигон рекултивация қилиниши, 2026 йилда 28 та ва 2030 йилгача 70 та чиқиндини қайта юклаш станцияси қурилиши режалаштирилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 10 минг 199 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Уларнинг 2 минг 421 таси бўйича жарима қўлланган. 2026 йилнинг январ–март ойларида эса 700 га яқин кузатув камераси орқали яна 2 минг 107 та қоидабузарлик қайд этилган.

Айни пайтда чиқинди йиғиш хизмати мамлакат аҳолисининг 64 фоизини, яъни 23,9 миллион нафарини қамраб олган. 2026 йил якунига қадар бу кўрсаткични 90 фоизга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, аҳолининг чиқинди хизматлари учун қарздорлиги 622,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Мутахассислар қайд этишича, маиший чиқиндиларнинг 10 фоиздан ортиғини пластик чиқиндилар ташкил этади. Бироқ уларни тўлиқ қайта ишлаш учун мавжуд қувватлар ҳозирча етарли эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид