Ўзбекистон | 19:53 / 15.11.2021
9350
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимида давлат харидлари ва тўловлар бўйича миллиардлаб сўмлик қонун бузилишлар аниқланди

Бухоро давлат университети томонидан ўтказилган 20 миллиард сўмлик, Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ўтказилган 1,1 миллиард сўмлик танловларда давлат харидларига оид қонун талабларига риоя этилмаган.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олий ва ўрта махсус таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан агентлик матбуот котиби Дурдона Очилова Kun.uz’га маълумот берди.

Маълум қилинишича, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида амалга оширилган тадбирлар натижасида 2019 йилда олий таълим соҳасида содир этилган жиноятлар 142 тадан 87 тага камайган. 2021 йилнинг 6 ойида бу кўрсаткич 16 тани ташкил этиб, унда иштирок этганлар 26 нафардан иборат бўлди. Давлат молиявий назорати департаменти ҳамда вазирлик ички аудит хизмати томонидан олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2019 йилда қарийб 20 млрд сўмлик қонунбузарлик аниқланган бўлса, 2021 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 5,2 млрд сўмни ташкил этган.

Шунингдек, 2019-2021 йилларда ўтказилган профилактик тадбирларда таркибида жиноят аломатлари бўлган 6 та 1 млрд сўмдан ортиқ харажатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

«Молиявий хатоликларга йўл қўйган 139 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди. Шундан, 99 нафар ходимга ҳайфсан берилди, 3 нафар ходимга нисбатан жарима қўлланилди, 37 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди» – дейилади агентлик баёнотида.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан айрим олий таълим муассасаларида коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиш, иш ҳақи, стипендия ва бошқа тўловларнинг тўланиши ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши ўрганилганида, қатор қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.

«Бухоро давлат университетида 348 млн сўмлик моддий бойликлар қиммат нархларда харид қилинган, 222 млн сўмдан зиёд маблағлар эса мақсадсиз сарфланган. 246 млн. сўмдан ортиқ шартномада кўрсатилмаган жиҳозлар сотиб олинган. Қурилиш танловларини ўтказишда 20 млрд сўмлик танловларда давлат харидларига оид қонун талабларига риоя этилмаган. Бухоро муҳандислик-технология институтида магистрантларга 13,5 млн сўмдан ортиқ стипендия ортиқча тўланган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўтказган 1,1 млрд сўмлик танловларда давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилган», – дейилади агентлик матбуот котиби брифингида.

Олий ва ўрта махсус таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида ишлар давом эттирилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид