Ўзбекистон | 10:32 / 15.11.2021
1632
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Аёллар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 2 мингга яқин фуқарога кредит берилгани ҳақида ёлғон ҳисобот тайёрлангани маълум қилинди

Қашқадарё вилоятида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят масъуллари «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга кредит берилгани ҳақида ёлғон ҳисоботлар тайёрлаган. Бу ҳақда вилоят ҳокими иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари хабар берди.

Фото: KUN.UZ

Йиғилишда маълум қилинишича, 2021 йил 31 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда «Ёшлар дафтари»га киритилган 48 797 нафар ёшдан 46 572 нафари, шундан 4 949 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилиб платформа орқали дафтардан чиқарилган.

Ёшлар агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан тақдим этилган электрон база ҳамда Марказий банкнинг кредит ажратилганлиги тўғрисидаги электрон базаси солиштирилганида 4949 нафар ёшдан 588 нафарига аслида кредит ажратилмагани маълум бўлган.

Яккабоғ туманида яшовчи 10 нафар ёш билан телефон орқали суҳбатлашилганда уларнинг 3 нафари кредит олиш учун мурожаат қилмагани, 1 нафари мурожаат қилгани, аммо ижобий ҳал этилмагани маълум бўлган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 1 ноябрь куни вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар ва Марказий банкнинг электрон базаси солиштирилганида «кредитлар ижобий ҳал этилди» деб кўрсатилган 1340 нафар аёлга кредит берилгани ҳақида ёлғон маълумот расмийлаштирилгани аниқланган.

Жумладан, 250 нафар аёл билан телефон орқали гаплашилганда 63 нафар аёл кредит олиш учун мурожаат қилмаганини айтган.

Ҳолат юзасидан суҳбат ўтказилганда ҳудуд масъуллари иқтисодий-ижтимоий маълумотлардан хабарсиз экани ёки аниқ рақамларга эга эмаслиги аниқланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид