МТО технологияси базасида ишловчи Газ-кимё мажмуаси лойиҳаси 2,5 мингта ишчи ўрини яратилишини ва 2 млрд доллар миқдоридаги солиқ тушумларини назарда тутади. Шунингдек ГКК учун эркин иқтисодий зонани ташкил этиш ғояси ҳам илгари сурилмоқда.

Фото: Enter Engineering

15 ноябрь, 2021 й. – Humo Arena майдонида бўлиб ўтган  «МТО газ-кимё комплекси: Янги Ўзбекистон технологиялари» форумида бизнес соҳаси ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов ва SEG Бош директори ўринбосари, МТО Газ-кимё комплекси лойиҳаси директори Масрур Шакиров давлат идоралари, нефть-газ тармоғи ходимлари, етказиб берувчилар ҳамда бўлажак ҳамкорлардан иборат бўлган форум иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. 

Фото: Enter Engineering

Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Қоракўл туманида бунёд этилажак МТО технологияси асосида ишловчи Газ-кимё комплекси («метанолни олефинга айлантириш») қурилиши ва эксплуатация қилиниши хусусида форум иштирокчиларига батафсил маълумот берилди. Йиғилганлар олдида, шунингдек, мажмуанинг бош лойиҳаловчиси – Wood (Италия) компанияси вакили ҳам нутқ сўзлади.

Қиймати 2,8 миллиард долларга тенг ушбу лойиҳа 2023 йилнинг тўртинчи чорагида эксплуатацияга топширилади ва у Ўзбекистон саноатини олефин углеводородлари билан таъминлаш имконини беради. Маълумки, олефин углеводородлари мамлакат учун стратегик муҳим хом ашё ҳисобланади. Газ-кимё мажмуаси маҳаллий хом ашёни метанолни олефинларга айлантиришнинг лицензияланган ҳамда МҲД ҳудудида муқобили мавжуд бўлмаган технологик жараёни асосида қайта ишлаш учун мос равишда лойиҳалаштирилган. Мажмуа ишга туширилгач, Ўзбекистонда импорт ўрнини маҳаллий хом ашё билан босиш жараёни жадаллашади, иқтисодиёт диверсификацияси таъминланади, шунингдек у иқтисодиётнинг турли маҳаллий тармоқлари тараққиётига хизмат қилади.