Муборак Қурбон ҳайити арафасида ERIELL Group,Enter Engineering компаниялари ва Humo Arena маъмурияти “АPLA” жамоат бирлашмаси тарбияланувчилари учун хайрия тадбири ўтказди. Компаниялар 386 нафар имконияти чекланган болалар ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклади.

Қурбон ҳайити Ўзбекистонда энг қадимий ва ардоқли байрамлардан бири бўлиб, унинг асосий мақсади маънавий-ахлоқий покланишдир. Байрамларни оила ва дўстлар билан ўтказиш, бирга овқат пишириш, совғалар бериш ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш одат тусига кирган. Айниқса, муҳтожларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш фақатгина муқаддас байрамнинг бир қисми эмас, балки ўзбек халқининг азалий қадриятидир.

ERIELL Group ва Enter Engineering кўп йиллар давомида хайрия фаолиятини амалга ошириб келади ва мамлакат бўйлаб имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратади.
Байрам муносабати билан ўтказилган акция 6 июл куни Humo Arena муз мажмуасида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида меҳмонларга қизиқарли саёҳат уюштирилиб, имконияти чекланган инсонлар учун яратилган шарт-шароитлар намойиш этилди.

Экскурсия давомида иштирокчилар ўзларини ҳақиқий хоккейчилардек ҳис қилдилар, арена музига чиқиб, дарвозага шайба киритдилар ва фигурали учиш усталари томонидан байрам муносабати билан махсус тайёрланган ажойиб чиқишдан баҳраманд бўлдилар.

Болаларнинг юртимиздаги энг яхши муз саройи билан танишиш вақтидаги ҳиссиётлари, билдирган тилаклари, миннатдорчиликлари Қурбон ҳайитига энг яхши совға бўлди.


















