Ўзбекистон | 20:42 / 17.11.2021
1650
2 дақиқада ўқилади

2022 йил 1 июлдан электрон тижорат ахборот тизимлари мажмуаси тўлиқ ишга туширилади

Президент “Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг электрон тижоратнинг “Очиқ рақамли экотизими” ахборот тизимлари мажмуасини (рақамли экотизим) 2022 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Рақамли трансформация маркази этиб қайта ташкил этилади. Марказ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • рақамли экотизимни шакллантириш ва унинг оператори функцияларини бажариш;
  • мулкчилик шаклидан, идоравий ва тармоққа мансублигидан, ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, электрон тижорат платформаларига ўзининг мижозлар базасидан тенг фойдаланиши ҳамда уларга хизматлар кўрсатиши учун шароитлар яратиш;
  • рақамли экотизимнинг “эскроу” тизими функцияларини бажариши муносабати билан битта шахсий ҳисобварақдан ҳисоб-китоблар ва тўловлар ҳамда томонларнинг шартнома мажбуриятлари кафолатли (аккредитив тамойили бўйича) бажарилишини таъминлаш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформаларида товарлар ва хизматларни сотиш тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиши шарт. Бунда, нархи кўрсатилмаган товар ва хизматларни сотиб олиш бўйича битимлар тузишга йўл қўйилмайди. 

2024 йил 1 январга қадар рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформалари операторлари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Товарлар (хизматлар) электрон савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун, улар электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар, Солиқ кодексининг 337- ва 467-моддаларига мувофиқ фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича пасайтирилган солиқ ставкалари қўлланилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид