Си ва Байден учрашуви Америка президенти лавозимига киришган вақтдан бери энг мазмунли учрашув бўлди. Саммит икки давлат ўртасидаги зиддиятни юмшатишга қаратилганди. Бироқ Тайваннинг ўзини ўзи бошқариш масаласини четлаб ўтиш имконсиз эди.
Хитой Тайванга исёнкор провинция сифатида қарайди. Унинг материк билан қайта бирлашиши вақт масаласидир. АҚШ Хитойнинг позициясини тан олади ва у билан расмий муносабатларни қўллаб-қувватлайди. Бироқ шу билан бирга, Тайванни ҳам қўллаб-қувватлаб, Пекин томонидан ҳужум содир бўлганида унга ёрдам қилишга ваъда беради.
Хитой давлат нашри Global Times ёзишича, Си томонлар ўртасидаги сўнгги келишмовчиликни «Тайван расмийларининг ўз мустақиллик дастурида АҚШ кўмагидан фойдаланиш, шунингдек, айрим америкаликларнинг Хитойни ушлаб туриш учун Тайвандан фойдаланиш» деб ҳисоблайди.
«Бу олов билан ўйнашиш каби хавфли. Ким олов ўйнаса, куяди», - дейилади мақолада. Оқ уй эса ўз навбатида Жо Байден «статус-квони ўзгартириш ва Тайван бўғозида тинчлик ҳамда барқарорликка путур етказиш бўйича бир томонлама саъй-ҳаракатларга кескин қарши» эканини маълум қилди.
Кескин баёнотларга қарамай, учрашув илиқ саломлашув билан бошланди. Си ўзининг «эски дўсти» Байденни кўрганидан хурсанд эканини айтди.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, улар Си Жинпинг билан доим рост ва очиқчасига мулоқот қилишган ҳамда музокараларни суҳбатдош нима ўйлаётганини аниқ билган ҳолда якунлашган.
Си Жинпинг эса сўнгги вақтларда тез-тез бўлгани каби мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ва муаммоларни биргаликда ҳал этишни таклиф қилди.
«Инсоният глобал қишлоқда яшаяпти ва биз кўплаб муаммоларга дуч келмоқдамиз. Хитой ва АҚШ мулоқот ҳамда ҳамкорликни кенгайтириши керак», - деди у.
Яна нималар муҳокама қилинди?
Дунёдаги иккита энг қудратли мамлакатнинг бир қатор масалалар юзасидан фикрлари турлича. Байден АҚШ Ҳонгконг ҳамда шимоли-ғарбий ҳудуд - Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилиши борасидаги хавотирини билдирди.
Мазкур танқидга жавоб тариқасида Хитой АҚШни ички ишларга аралашишда айбламоқда. Байден «америкалик ишчи ва саноатни ХХРнинг адолатсиз савдо ҳамда иқтисодий амалиётидан ҳимоя қилиш» заруратини ҳам алоҳида қайд этди.











