Ўзбекистон | 20:15 / 17.11.2021
1878
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қашқадарёлик ҳайдовчи бошқарувидаги юк машинасида ёнғин содир бўлди

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Жиззах вилоятида қашқадарёлик шахс бошқарувида бўлган, ҳаракатланиб кетаётган юк машинасида ёнғин содир бўлган. Оқибатда унинг устига юкланган пахтанинг бир қисми ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 17 ноябр куни соат 17:02ларда Жиззах вилояти ФВБга 101 қисқа рақами орқали М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи 998-километрида ҳаракатланиб кетаётган юк машинасида ёнғин содир бўлгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Айтилган жойга дарҳол ёнғин-қутқарув бўлинмалари юборилди. Улар соат 17:27да манзилга етиб боришган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида юк машинаси ва унинг юкхонасида бўлган 97 той пахта хомашёси ёнғиндан сақлаб қолинган. Ёнғин соат 17:42да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро Б.Ш. бошқарувидаги MAN русумли юк машинасига юкланган 18 той пахта хомашёси ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Қайд этилишича, ҳозирда ёнғин сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид