Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида технологик кимё кластерлари ташкил этиш бўйича қурилиш ишлари бошланади
Кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни кимё саноатида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
«Мамлакатимиз иқтисодиётида олиб борилаётган таркибий ўзгаришлар бугун натижадорликка айланмоқда. Хусусан, кимё саноатида сўнгги беш йилда умумий қиймати 2 миллиард 100 миллион долларлик 16та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Яна бир муҳим жиҳати, соҳага хусусий сектор кириб келиб, улар томонидан 45 миллион долларга тенг 8та лойиҳа ишга туширилди.
Шу беш йилда кимё саноатида ишлаб чиқариш 1,5 баробарга, экспорт ҳажми 190 миллион доллардан 310 миллион долларга кўпайди. Корхоналарнинг умумий соф фойдаси 8 баробардан зиёд ўсиб, жорий йил якуни билан 1 триллион сўмдан ошиши кутилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон президентининг 2021 йил 13 февралдаги қарорига мувофиқ келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларида яна 4 та юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган технологик кимё кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Уларда углерод, полиэфир ва ацетат толаси, поливинилацетат, калий нитрати каби 20дан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Йиғилишда ушбу кластерлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбари бу лойиҳалар тармоқдаги улкан имкониятларга нисбатан етарли эмаслигини, инвестиция жалб этиб, маҳсулотларни кўпайтириш мумкинлигини таъкидлади.
Келгуси йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 12 триллион сўмга, экспортни 380 миллион долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Соҳани рақамлаштириш, корхоналарда операцион харажатлар ва энергия сарфини қисқартириш орқали маҳсулот таннархини камайтириш вазифаси қўйилди.
Қайд этилганидек, умумий қиймати 740 миллион долларлик 4та йирик лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланади. Шунингдек, келгуси йилда суюқ комплекс ўғитлар, карбамид формальдегид смоласи, гидроксипропил-метилцеллюлоза, кальций хлорид каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мутасаддиларга ушбу лойиҳалар ижросини доимий назоратга олиш бўйича кўрсатма берилди.
Корхоналарни трансформация қилиш, уларга замонавий технологиялар ва бошқарув тизимини жорий этиш ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Янги корхоналарни кадрлар билан таъминлаш ҳам муҳим масала. Шу мақсадда келгуси йилда 6 минг нафар олий ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мўлжалланган. Тармоқдаги 6та корхона негизида ўқув марказлари ҳамда Чирчиқ шаҳрида ишчи-мутахассислар тайёрлаш мажмуасини ишга тушириш белгиланган.

Мутахассисларни кимё саноатининг бугунги ривожи ва иш берувчининг талаблари асосида тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланади.
Мавзуга оид
14:24 / 02.06.2026
Уч йилда кимё соҳасида 42 та йирик лойиҳа амалга оширилади
22:02 / 03.12.2025
2026 йилда 4,5 миллион тонна пахта етиштириш мақсад қилинди
09:49 / 11.09.2025
Ўзбекистон ва Миср кимё саноатида янги лойиҳаларни бошлайди
14:04 / 26.08.2025