Жаҳон | 20:27 / 18.11.2021
4785
5 дақиқада ўқилади

ЖССТ: Бачадон бўйни саратони ва бу касалликдан оғриқли ўлимнинг олдини олиш мумкин

Ҳар йили бачадон бўйни саратонидан қарийб 300 минг аёл вафот этади. Одам папиллома вирусига қарши вакцина, эрта аниқлаш ва даволаш ёрдамида ана шу ўлим ҳолатлари катта қисмининг олдини олиш мумкин эди.

Фото: UNICEF

17 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус жаҳон юлдузлари, бачадон бўйни касаллигини бошдан ўтказган беморлар, шунингдек, нодавлат ва илмий ташкилот вакиллари билан ана шу оғир касалликни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишга чақирди.

Коронавирус мисолида бўлгани каби бачадон бўйни саратонига қарши курашда зарур бўлган муҳим воситалар чекланган: қашшоқ мамлакатларда яшайдиган аёллар ва қизлар бой мамлакатларда яшайдиганлардан фарқли равишда тиббий текширувдан ўтиш, одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмланиш ва зарурий даволаниш учун имкониятга эга эмас. Саратоннинг ушбу туридан 10та ўлим ҳолатининг 9таси даромади ўрта ёки паст бўлган мамлакатларга тўғри келиши мазкур тенгсизлик исботидир.

2020 йилда бачадон бўйни саратони деярли барча ҳолатларини чақирувчи ОПВга қарши дунёда 9 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизларнинг 13 фоизигина вакцина олган. Глобал касаллик юкининг деярли учдан икки қисми тўғри келувчи тахминан 80 мамлакатда эмланиш умуман ўтказилмаган.

«Бачадон бўйни саратони – оғир касаллик, бироқ эрта аниқлаш орқали унинг олдини олиш мумкин. Бу муваффақиятли даволанадиган саратон турларидан бири. Бачадон бўйни саратони ўтмишда қолиши учун бизда барча воситалар мавжуд, бироқ бунинг учун муҳтож бўлган ҳар бир одам бу воситаларни олиши керак», дея таъкидлади ЖССТ бош директори.

Бачадон бўйни саратонига қарши курашда илғор ечимлар

Сўнгги йилларда профилактика ва даволаш борасида кўплаб илғор ечимлар кузатилди. ОПВга қарши янги, янада такомиллашган вакциналар ҳамда касалликни даволаш учун янги воситалар пайдо бўлди.

Сўнгги йилда ОПВ вакциналарини етти мамлакат — Камерун, Кабо-Верде, Сальвадор, Мавритания, Қатар, Сан-Томе ва Принсипи ҳамда Тувалуга етказиб беришга эришилди. Натижада аҳолиси ОПВга қарши эмланиши мумкин бўлган мамлакатлар сони 115тага етди. Бир қатор мамлакатларда тиббиёт ходимлари саратондан аввалги ўсимталарнинг термик абляцияси учун янги ихчам қурилмалардан фойдаланишга ўқитилди.

Сўнгги йилларда сунъий идрокдан фойдаланган ҳолда скрининг технологияси соҳасида тадқиқотлар ўтказиляпти. Бу эса саратондан олдинги ҳолатларни максимал даражада эрта аниқлашни таъминлашда ёрдам беради.

«Ҳатто ушбу мисли кўрилмаган оғир йилда ҳам бачадон бўйни саратонини йўқ қилиш йўлида олға силжишни кўряпмиз. Тадқиқотлар ва янги технологияларни ишлаб чиқишда муҳим натижаларга эришилди», дея қайд этди ЖССТ бош директорининг стратегик устуворликлар бўйича махсус маслаҳатчиси Принсесс Ноно Симелела.

Муаммолар сақланиб қолмоқда

Бироқ силжиш ҳамма ерда ҳам кузатилмаяпти. Кўплаб аёллар текширувдан ўтиш имкониятига эга эмас. Яқинда ўтказилган сўровномада мамлакатларнинг 43 фоизи саратонни даволашни ташкиллаштиришдаги жиддий узилишлар ҳақида маълум қилди. Вакцина олиш даражаси 2019 йилдаги 15 фоиздан 2020 йилда 13 фоизга тушди. Бунга пандемия туфайли тиббиёт хизматлари фаолиятидаги узилишлар ҳамда мактаблар ёпилиши қисман сабаб бўлди.

17 ноябрь куни ЖССТнинг Женевадаги штаб-квартирасида Бачадон бўйни саратонига қарши ҳаракатлар куни – йирик халқаро тадбир бўлиб ўтди. Айнан шу кун учун дунёдаги 100та қадамжо, масалан, Пекиндаги Осмон ибодатхонаси, Австралиядаги шаҳар панорамалари, Ниагара шаршараси бачадон бўйни саратонига қарши кураш рамзи бўлган фируза рангида ёритилади.

ЖССТ Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонини 30 сонияда даволашнинг янги усулини намойиш этди

«Бу анча оддий технология. Тўппончани ёдга солувчи қурилма 100 даражага яқин иссиқ ҳарорат ёрдамида саратондан аввал пайдо бўладиган ўсимталарни йўқ қилади. Жараён бор-йўғи 30 сония вақт олади ва маҳаллий анестезия остида ўтказилади. Қурилмадан фойдаланиш осон, уни тўғри тайёргарликдан ўтгач, нафақат шифокорлар, балки ҳамширалар ҳам энг оддий клиник шароитларда мамлакатнинг исталган нуқтасида амалга ошириши мумкин», деди Европа Кольпоскопия федерацияси таълим қўмитаси раиси Ксавье Каркопино.

У ЖССТ ўқув курсини ўтказиш учун Ўзбекистонга Франция элчихонаси томонидан таклиф этилди. Бунинг учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатга дастлабки тўртта термик абляция қурилмалари етказиб берилди.

Бачадон бўйнининг саратондан олдин зарарланиши туфайли даволанишга муҳтож аёллар бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш лойиҳаси ўтказилаётган икки ҳудудда янги даволаш усулидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистонда ўтказилган амалий машғулотларда тингловчилар Ксавье Каркопино бошчилигида янги технологиядан фойдаланган ҳолда илк тўрт нафар беморни даволашди.

Саратонни даволашга мўлжалланган учта янги қурилма Қорақалпоғистондаги шифохоналарга ва битта қурилма Чирчиқдаги касалхонага юборилади. Маҳаллий аҳоли ЖССТнинг янги тавсияларига асосланган бачадон бўйни саратони профилактикаси дастурида иштирок этиши мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери