Жамият | 20:36 / 18.11.2021
1986
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда тадбиркор сотиб олган ер қайта аукционга чиқариб юборилгани айтилмоқда

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида тадбиркор сотиб олган ер қайта аукционга чиқариб юборилгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабарлар юзасидан вилоят Кадастр агентлиги ва давлат кадастрлар палатаси бошқармаси муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда айтилган фуқаро Э.Ш. ўзининг мурожаатида кўрсатиб ўтган ер участкалари Яккабоғ туман «Уламжи» МФЙ ҳудудида жойлашган.

Мазкур ер участкалари Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида»ги 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарорига асосан «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига 2021 йил 5 июнда Б1710250-55028 ва Б1710250-55012 уникал рақамлари билан жойлаштирилган.

Шундан сўнг 2021 йил 18 октябрда онлайн аукцион натижаларига асосан, фуқаро Э.Ш.нинг ўзи аукцион ғолиби деб топилган. Бироқ аукцион ғолиби ер участкасининг онлайн савдо майдончасида сотилган қийматига мос равишда, яъни 59 миллион 69 минг ва 60 миллион 4 минг сўм миқдоридаги маблағларни ўз вақтида тўламаган. Шу сабабли ушбу савдолар ноҳалол деб топилган. Натижада ушбу ер участкалари «Е-ИЖРО АУКЦИОН» савдо майдончасига такроран савдога қўйилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ер участкасида фуқаро Э.Ш. томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатлар бўлмаган ҳолда 2 хонали бино қурилган.

«Фуқаро Э.Ш.нинг қизи К.З.нинг шу мазмундаги мурожаати ҳам Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси Яккабоғ туман филиали мутахассислари томонидан ўрганилиб, мурожаатчига 2021 йил 27 октябрдаги №6/187-сонли жавоб хатлари берилган. Айтиш керакки, масъуллар томонидан фуқарога бир неча бор қонун доирасида керакли тушунчалар берилган», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид