14:19 / 22.11.2021
6674

Қаршидаги 65 метрли байроқ устунининг қурилиши иккинчи марта тўхтатилди

Фото: Тошкент шаҳар Ҳокимилиги

Қарши шаҳрида барпо этиш режалаштирилган 65 метр узунликдаги байроқ қурилиши иккинчи марта бекор қилинди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида ўрнатилиши тўхтатилган байроқ устуни қайта бунёд этилади, деган мазмунда хабарлар тарқалди. Бу хабарлар юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги жорий йил 21 ноябр куни иккита муносабат билдирди.

Муносабатнинг биринчисида Қаршида ўрнатиладиган байроқ устунининг қурилиш ишлари шаҳар маҳаллий бюджетининг 2021 йилнинг III чорак якуни бўйича даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан ажратилган маблағлар ҳамда ҳомийлик ёрдами ҳисобига давом эттирилиши хабар қилинди.

Ўша куни тушдан сўнг эълон қилинган иккинчи муносабатда Қаршида байроқ устуни ўрнатилмаслиги маълум қилинди. Муносабатда ёзилишича, Қарши шаҳар бюджетининг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ички йўллар таъмири ва коммунал соҳани ривожлантиришга сарфланади.

«Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган бу масалага вилоят ҳокими эътибор қаратиб, шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда улкан байроқ устуни қурилмайдиган бўлди. Даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан қолган маблағлар ички йўллар таъмири ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилади», дейилади муносабатда.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрел ойида вилоятнинг собиқ ҳокими Қарши шаҳрида 1,35 миллиард сўм сарфланиб тикланадиган байроқ устуни қурилишини тўхтатган ва маблағни Қарши шаҳрида жойлашган 136-сонли оилавий ётоқхонани таъмирлашга сарфланишини маълум қилганди.

Top