Жаҳон | 20:38 / 23.11.2021
25980
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев Қозоғистон президентига яна бир лавозимни топширишга қарор қилди

Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибайнинг изоҳ беришича, биринчи президент партияни давлатнинг амалдаги раҳбари бошқариши керак деган фикрда. 

Фото: Мухтар Холдорбеков / Reuters

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев «Нур Отан» ҳукмрон партияси раиси ваколатларини мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширишга қарор қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.

Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай Twitter саҳифасида изоҳ беришича, биринчи президент партияни давлатнинг амалдаги раҳбари бошқариши керак деган фикрда. 

«Нурсултон Назарбоев партия сиёсий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида партияни мамлакат президенти бошқариши кераклигини таъкидлаб, ваколатларини топширишга қарор қилди», — деб ёзди Укибай.

Унинг сўзларига кўра, ваколатлар «партия уставига мувофиқ», яъни навбатдаги съездда топширилади. Унга қадар Назарбоев «Нур Отан» раиси лавозимида қолади.

Шу билан бирга, матбуот котиби Назарбоев миллат етакчиси бўлиб қолаверишини таъкидлади.

«Эгаллаган лавозим ва ваколатларидан қатъи назар, Нурсултон Абишевич миллатимиз етакчиси – элбоши бўлиб қолади», — деди Укибай Tengrinews нашрига берган интервьюсида.

Собиқ президент 2021 йил баҳорида Тўқаевга миллий сиёсат йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича президент ҳузуридаги маслаҳат органи – Қозоғистон халқлари ассамблеяси раҳбарлигини топширганди.

Назарбоев мамлакат президентлигидан 2019 йил баҳорда ўз хоҳиши билан кетганди. У ўшанда мамлакат хавфсизлик кенгаши раҳбари, конституцион кенгаш аъзоси ва ўзи 1999 йилда асос солган «Нур Отан» партияси раҳбари лавозимларини сақлаб қолганди. Назарбоевга «миллат етакчиси — элбоши» унвони берилган.

Мамлакат президенти вазифасини бажарган собиқ бош вазир Қосим-Жўмарт Тўқаев кейинроқ Қозоғистон президентлигига сайланди.

Мавзуга оид