Ўзбекистон | 21:58 / 24.11.2021
8034
4 дақиқада ўқилади

«Оёғимизнинг тагида» имконият турибди – Президент мева-сабзавотчиликда кўрсаткичларни яхшилаш бўйича топшириқлар берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь куни мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги кластер тизими асосида ривожлантирилмоқда. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик кластерлари сифат ва даромад жиҳатидан изчил ўсмоқда.

Мева-сабзавотчиликда ҳам кўплаб кластерлар ташкил этилган. Лекин натижалар мавжуд салоҳият даржасида эмас. Масалан, бу тармоқда экспорт миқдорини ҳозирги 1 миллиард 200 минг доллардан 5 миллиард долларга кўпайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, бугунги кунда Асака, Ангор, Денов, Жомбой, Самарқанд, Олтиариқ, Қува, Юқори Чирчиқ, Янгиқўрғон туманларидаги мева-сабзавотчилик кластерлари 20-25 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шу борадаги имконият ва муаммолар, ҳосилдорлик ва бандликни ошириш чоралари муҳокама қилинди.

«Илгари пахтачиликда фақат хомашё сотардик. Котировка энг яхши бўлган йилда даромад 1 миллиард доллар атрофида бўларди. Мана, ҳозир пахтани ўзимизда қайта ишлаб, 3 миллиард долларга чиқдик. Бу фақатгина экспорт кўрсаткичи. Бу соҳада ҳали қанча иш ўрни, ойлик, солиқ бор. Ишни тўғри ташкил этиб, мева-сабзавотчиликда ҳам шундай натижа қилиш мумкин. «Оёғимизнинг тагида» имконият турибди», – деди давлат раҳбари.

Шу боис мева-сабзавотчилик кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиликни ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди.

Экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Мутасадди вазирликларга мазкур тизимни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Юртимизда аҳоли ихтиёрида 500 минг гектар атрофида томорқа мавжуд. Уларда маҳсулот етиштиришга кўмаклашиш учун келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Бу маблағ оилавий тадбиркорлик дастури асосида, имтиёзли шартларда берилади.

Томорқа хизмати корхоналарига ҳам 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Самарали ишлаётган шундай корхоналар негизида томорқа хизмати кластерлари ташкил этилади. Уларда кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш каби хизматлар жамланади.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, уларга субсидия берилади.

Экинларни сув билан таъминлаш ҳам долзарб масала. Шу боис сув бориши қийин томорқалар ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январгача узайтириладиган бўлди.

«Хонадонда товуқ, қуён ва чорва боқиш – тўқлик, тўкинлик манбайи. Бундай оилада энг зарур кундалик маҳсулотлар доим бўлади. Шу боис йиғилишда хонаки парранда наслчилигини ривожлантириш, ҳар бир туманда ветеринария хизмати ва кичик инкубаторлар ташкил этиш, озуқа етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», дейилади хабарда.

Туманларда мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилиши белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари сўзга чиқди.

Мавзуга оид