Автопоезд – биз автопоездга тиркама, ярим тиркама ёки тиркамалар уланган механик транспорт воситаси деб таъриф берамиз. Бу амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”дан фарқ қилади. Ҳозирги Қоидаларда автопоезд юк автомобили билан боғлаб қўйилган. Аслида ундай эмас.

Амалдаги қоидага кўра, автопоезд – улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ва тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби.

Енгил автомобил ҳам тиркама билан ҳаракатланса, автопоезд ҳисобланади. Фақат, уни қайси тоифа билан бошқариш ҳақида савол пайдо бўлади.

Агар тиркаманинг рухсат этилган тўла вазни 750 кг.дан ошмаса, ҳайдовчи бу транспорт воситасини B тоифа гувоҳномаси билан бошқарса бўлади. Тиркаманинг тўла вазни 750 кг.дан ортиқ бўлса, бу ҳайдовчига BE тоифалари бўлган гувоҳнома талаб этилади.

Ундан катта юк автомобилларини тиркама ёки ярим тиркама билан бошқараётганда CE тоифаси лозим бўлади. Узайтирилган автобуслар эса DE тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бошқарилади.

Аҳоли пунктини қандай тушуниш керак? Аҳоли пункти инсонлар иморатлар қуриб яшайдиган, обод қилинган ҳудуд ҳисобланади. Буни қандай биламиз?

5.22 йўл белгиси бор – “Аҳоли пунктининг бошланиши”. 5.23 йўл белгиси бор – “Аҳоли пунктининг охири”.

Яна 5.24 белгиси мавжуд – “Аҳоли пунктининг бошланиши”. 5.25 – “Аҳоли пунктининг охири”.

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да аҳоли пунктига қуйидагича таъриф берилган. Аҳоли пункти – кириш ва чиқиш йўллари 5.22 – 5.25 йўл белгилари билан белгиланган ҳудуд.

Йўлларда икки хил ҳолатни кўриш мумкин. Агар сиз ҳаракатланаётган йўл ёқасига 5.22 йўл белгиси ўрнатилган бўлса, ушбу йўл бевосита аҳоли пункти ичидан ўтяпти. Мазкур белги бошланиши билан “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг аҳоли пунктларига доир тартиблари кучга киради. Яъни юқори тезлик соатига 70 км.гача чекланади, огоҳлантирувчи белгилар 50-100 метр масофага ўрнатилади. Товуш ишораларини қувиб ўтаётган вақтда бериш мумкин эмас. Йўлнинг чап томонида тўхташ мумкин ва ҳоказо ҳолатлар бор.