Ўзбекистон | 22:57 / 25.11.2021
5104
2 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси Марказий лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий лабораторияси мақоми берилди

25 ноябрь куни Давлат божхона қўмитасида Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг (ЖБТ) минтақавий мақоми берилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Унда Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурия, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги вакили Раул Феликс Юнкера-Варела, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон ҳамда Россия божхона лабораториялари вакиллари, Марказий аппарат шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда йўл харитасида амалга оширилиши назарда тутилган англашув меморандуми имзоланди. 

Қайд этилишича, Минтақавий божхона лабораторияси мақомининг берилиши:

  • минтақадаги давлатлар божхона лабораториялари билан ҳамкорликда тадқиқот ва ишланмалар ҳамда таҳлилий шарҳлар тайёрлашга, Марказий божхона лабораторияси минтақадаги божхона хизматларига маслаҳатлар, тавсиялар бериш, уларнинг мутахассисларини ўқитиш бўйича консультация ва ўқув машғулотлари ўтказишга имконият яратиб беради;
  • Жаҳон божхона ташкилоти, унинг минтақавий божхона лабораториялари ва ташкилотнинг бошқа иштирокчилари ташкил этадиган конференция, форум, консультация, семинар, симпозиум, давра суҳбати ва бошқа тадбирларда иштирок этишга замин яратади.
Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Куннинг иккинчи ярмида ДБҚ Божхона институтида институтнинг “Божхона иши” таълим йўналиши ЖБТнинг PICARD халқаро стандартларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, божхона соҳасида профессионал мутахассис тайёрлаш учун халқаро стандартлар ҳисобланувчи – PICARD стандартлари ЖБТ ва Халқаро божхона университетлари тармоғи томонидан 2005 йилда ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ЖБТга аъзо бўлган 183 давлатдан атиги 10 давлатда 13 та олий таълим муассасасининг таълим дастурлари ушбу стандартлар бўйича аккредитациядан ўтказилган. 

Давлат божхона қўмитаси Божхона институтининг “Божхона иши” таълим йўналиши ушбу стандартларга мувофиқ аккредитациядан ўтказилиши институтда божхона иши соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ рақобатбардош кадрлар тайёрланиши халқаро миқёсда тан олинишини англатади.

Тадбир давомида институт кенгаши томонидан Кунио Микурияга “ДБҚ Божхона институти фахрий профессори” унвони берилди.

Мавзуга оид