12:18 / 25.11.2021
1745

Cамарқандда яроқсиз дори воситалари ва ноқонуний кириб келган тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Фото: Getty Images

Cамарқандда яроқсиз дори воситалари ва ноқонуний кириб келган тамаки маҳсулотлари йўқ қилинган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида бўлган, судлар томонидан тақдим қилинган, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг тегишли бандларига асосан, сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз бўлган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилган.               

Тадбирда вилоят божхона, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари иштирок этган.

Самарқанд “Дори-дармон” акциядорлик жамияти омборхонасида сақланаётган, жиноят иш материаллари бўйича ашёвий далил сифатида қайд этилган 224 турдаги тиббиёт уколли ампула дорилар, “Клексан 4000 Анти ХА/МЕ 0,4 мл”, “Клексан 6000 Анти ХА/МЕ 0,6 мл”, “Клексан 8000 Анти ХА/МЕ 0,8 мл”, нитрат кислота, глицерин ва бошқа дори воситалари сифати кафолатланмагани учун қурилиш чиқиндилари полигонида ташкил этилган куйдириш печида йўқ қилинган.

Шунингдек, тадбир давомида қиймати 25 миллион сўм бўлган ноқонуний кириб келган тамаки маҳсулотлари ҳам йўқ қилинган.

Top