14:05 / 25.11.2021
21974

Гвардиола орани очиқ қилди, «Реал» «Шериф»дан қасдини олди. ЕЧЛ плей-оффига яна қайси жамоалар чиқди?

5-тур учрашувларидан кейин 1/8 финалга Англиянинг тўртала жамоаси - «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Челси» ва «МЮ» йўл олган. Шунингдек, «ПСЖ», «Аякс», «Спортинг», «Реал», «Интер», «Бавария» ва «Ювентус» баҳорги ўйинлардаги иштирокини кафолатлаб бўлган.

Фото: Reuters

Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигаси 5-тур учрашувлари якунланди.

«Сити» — биринчи

А гуруҳи
«Манчестер Сити» — «ПСЖ» — 2:1
(Стерлинг, 63. Габриэл Жезус, 76 — Мбаппе, 50)
«Брюгге» — «Лейпциг» — 0:5 (Нкунку, 12, 90+3. Форсберг, 17, с пенальти, 45+1. Андре Силва, 27)

Манчестердаги ўйин ўрталарига келиб «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» плей-офф йўлланмасини амалда расмийлаштириб бўлишди ва бунинг учун бу икки гранд жамоа ўзи бирор иш қилишига ҳожат қолмади. Улар учун «Лейпциг» барчасини бажарди, немислар тўрт турдан кейин атиги бир очко жамғарганди, аммо Брюггеда «ҳўкизлар» жамоаси рақибни яксон этди. Немислар жамоаси «Брюгге»ни қувиб ўтиш учун тўплар нисбатини яхшилаши талаб этиларди. Фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказаётган Нкунку ўйинда ҳисобни очиб берди ва қўшимча дақиқалардаги голи билан ўйинга нуқта қўйди - у жорий турнирдаги голлари сонини 7тага етказди.

Манчестерда эса «шаҳарликлар» парижликларни ноодатий иш билан машғул бўлишга - ҳимояланишга мажбур қилишди. Гундўған жуда қулай вазиятдан туриб тўпни дарвоза устунига теккизган ҳолда очиқчасига меҳмонларни аяди, Маҳрезнинг зарбаси голга айланишидан унинг йўлидан чиққан ҳимоячи асради. Шу билан бирга, «ПСЖ» умуман ҳужумларга чиқмади дейиш қийин, Чемпионлар лигасида 50-ўйинини ўтказган Мбаппе Неймарнинг пасидан кейин тўпни дарвозанинг юқори бурчагига жойлаштириши ҳам мумкин эди.

Франциялик ҳужумчи танаффусдан кейин мақсадига эришди. Бу ҳужум вақтида тўп ҳимоячига теккан ҳолда боришигина Мессини голли узатма муаллифи бўлишдан маҳрум қилди, бу голли комбинацияда Неймар ҳам ўз ҳиссасини қўшди - у тўпни оригинал тарзда аргентиналик шеригига ўтказиб юбориш орқали ҳимоячиларни чалғитди.

«Парк де Пренс»даги мағлубиятли ўйинда ҳам инглизлар майдонда тўлиқ устунлик қилганди, аммо бу сафар Хосеп Гвардиола шогирдлари ўз вазиятларини голга айлантириш билан ажралиб туришди. «Сити» икки бор рақиб ҳимоясини иложсиз ҳолатда қолдирди ва апрель ойидаги сценарийни такрорлаган ҳолда (ўшанда яримфиналга чиқилганди), ўзи учун биринчи ўринни кафолатлади.

7 декабрь. «Лейпциг» — «Манчестер Сити», «ПСЖ» — «Брюгге».

«Ливерпуль» интригани қизитди

Фото: ANDREW POWELL/GETTY IMAGES

В гуруҳи
«Ливерпуль» — «Порту» — 2:0
(Тиагу Алькантара, 52. Салоҳ, 70)

Ўтган турдаёқ биринчи ўринни банд қилиб бўлган қизиллар натижаси ўзи учун аҳамиятсиз бўлган ўйинга аралаш таркиб билан тушди, Юрген Клопп ҳатто 19 ёшли дебютант Мортонга жой топиб берди. Таркибдаги ўзгаришлар, албатта ўйинга таъсир кўрсатмай қолмади, «Порту»нинг ҳужумлари фақат алоҳида футболчиларнинг жонбозлиги ёки омад эвазига тўхтатилди. Аммо «Ливерпуль» барибир бир бош устунлигича қолди, «аждарлар»ни эса Пепенинг жароҳати заифлаштирди.

Яқинда Португалия ушбу фахрий футболчи сафда бўлмаганида сербларга қарши ЖЧ-2022 йўлланмаси учун ўйинни бой берганди, энди эса унинг клуби ҳимоясида ҳам муаммолар юзага келди. Маненинг голи микроскопик офсайд туфайли бекор қилинган бўлса, Тиагу Алькантаранинг жарима майдони ташқарисидан киритган голи билан баҳслашишнинг имкони йўқ эди. Салоҳнинг голи эса олқишларга сазовор: товон билан пас, Ҳендерсондан тўпни қайта қабул қилиб олиш ва мисрлик футболчи икки ҳаракат билан ҳимоячилар ва дарвозабонни доғда қолдирди.

«Атлетико» — «Милан» — 0:1 (Жуниор Мессиас, 87)

«Порту»нинг мағлубияти Мадриддаги ўйиннинг аҳамиятини ошириб юборди, бу ерда жамоалар шиддатли биринчи бўлим ўтказишди. Дастлабки тўрт турда 1 очко жамғарган «Милан» плей-оффдан ҳали умид узилмаганини англаган ҳолда рақибни ўз дарвозасига яқинлаштирмасликка ҳаракат қилди. Ўйин қаҳрамонлари Тэтэрушану ва Облак бўлиши кутилаётганди, Облак иккинчи бўлимда майдонга тушган Ибраҳимовични тўхтатиб қолди, аммо ўйин охирида гуруҳдаги кучлар нисбати буткул ўзгариб кетди.

Дастлабки уч турда мағлуб бўлиб, кейин бир бор дуранг ўйнаган «россонери»лар бахтига уларнинг сафида Жуниор Мессиаса қиёфасида янги қаҳрамон топилди. Мавсум арафасида В серия вакили «Кротоне»дан ижарага олинган 30 ёшли футболчини «Атлетико» ҳимоячилари назардан қочиришди ва Кессьенинг узатмасидан кейин осонлик билан дарвозани ишғол этди. Қўшимча дақиқаларда эса «матрасчилар» сафида ўйинни қутқариш учун майдонга ташланган Матеус Кунья Льорентенинг идеал узатмасини йўққа чиқарди - у дарвозабон ҳудудида туриб тўпга тўғри зарба беролмади.

Сўнгги турда «Милан» сўнгги ўриндан иккинчи ўринга кўтарилиш учун уйда «Ливерпуль»ни мағлуб этиши ва «Порту» — «Атлетико» ўйинида дуранг қайд этилишига умид қилиши керак бўлади.

7 декабрь. «Милан» — «Ливерпуль», «Порту» — «Атлетико».

Дортмунд Европа Лигасига жўнатилди

С гуруҳи
«Спортинг» — «Боруссия» Д — 3:1 (Педру Гонсалвеш, 30, 39. Педро Порро, 86 — Мален, 90+3)
«Бешиктош» — «Аякс» — 1:2 (Ғаззол, 22, пенальтидан — Аллер, 54, 69)

Ташқаридан қараганда, бу гуруҳдаги биринчи ўйин натижаси фақат «Бешиктош» учун аҳамиятли эди, ўйин якунида туркияликлар Европа Лигаси плей-оффига ўтишдан ҳам умид узишди. Аммо бош мураббийи Эрик тен Ҳааг яна бир бор «МЮ»га кетиши ҳақидаги миш-мишларни рад этган «Аякс» ҳеч қачон иштиёқни йўқотмаслигини намойиш этди. Биринчи бўлимдаги ҳужумларда якунловчи аниқ зарба етишмаган бўлса, майдонда Аллер пайдо бўлгач, унинг икки зарбаси натижани таъминлади. Франциялик мерган Криштиану Роналду ва Левандовскидан ортда қолишни истамаяпти - у гуруҳ босқичининг ўтган беш турида ҳам гол урган.

Чемпионлар лигасида дебют мавсум ўтказаётган Аллер нафақат жамоа мухлисларини, балки допингга қарши қоидаларни бузгани учун 10 ойлик дисквалификация муддатини ўтаб дарвозага қайтган Онанани ҳам хушнуд этди. 

Чоршанба оқшомида футбол мухлисларининг асосий эътибори «Спортинг» ва «Боруссия» ўртасида иккинчи ўрин учун кечган жангга қаратилди. Дортмунд учун ўтган турда Ҳуммельснинг можароли равишда майдондан четлатилгани ҳал қилувчи нуқта бўлиб чиқди. Тажрибали футболчисиз жамоа ҳимояси пароканда аҳволга келиб қолди ва Педру Гонсалвешнинг биринчи голи айнан ҳимояда юзага келган тешикдан урилди. Узун узатмани тўсишга уринган Шульц тўпни шериги Понграчичнинг ортига ўтказиб юборди ва бундан Педру Гонсалвеш фойдаланди. Ҳимоячиларнинг тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришдаги хатосидан кейин португалиялик истеъдод соҳиби иккинчи голини урди ва «Спортинг» сўнгги турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар, ўзаро учрашувлардаги кўрсаткич туфайли дортмундликлардан олдинда бўлиши ва плей-оффга чиқишини таъминлади. 74-дақиқада Эмре Жан ўйиндан четлатилиб, меҳмонлар бир киши кам бўлиб қолгач, ўйин тақдири амалда ҳал бўлди.

Оқшом қаҳрамони ҳет-трик қайд этиши ҳам мумкин эди, аммо унинг ижросидаги пенальтини дарвозабон қайтарди. Асосий еврокубокнинг финал босқичида ўз тарихида иккинчи бор иштирок этаётган лиссабонликлар бахтига қайтган тўпга биринчи бўлиб Педро Порро етиб келди. Испаниялик ҳимоячининг зарбаси ўйиндаги интригага нуқта қўйди, қўшимча дақиқаларда «асаларилар» сафида Мален жавоб голи уришининг ҳеч қандай аҳамияти қолмаганди. 

7 декабрь. «Аякс» — «Спортинг», «Боруссия» Д — «Бешиктош».

«Реал» «Интер»га ёрдам берди

D гуруҳи

«Шериф» — «Реал» — 0:3 (Алаба, 30. Кроос, 45+1. Бензема, 55)

Тирасполликлар жамоаси майдонга баҳорда ҳам евроўйинларда қатнашиши аниқ бўлган ҳолда чиқди, Чемпионлар лигасининг бу мавсумдаги асосий ижодкори Юрий Вернидуб ишонтирганидек, унинг жамоаси ижобий натижага эришиш учун бор кучини ишга солди. Лекин «Шериф» бунинг учун худди сентябрь ойида «Сантьяго Бернабеу»да бўлганидек бир бош баланд сакраши талаб этиларди.

Аммо «Реал» ҳам бу жамоага иккинчи совғани бериш ниятида эмасди ва биринчи ўйиндан етарли хулосалар олганди. Алабанинг голида қаймоқранглиларга рикошет ёрдам берган бўлса, Кроос ижросидаги иккинчи зарба — ҳақиқий маҳорат намунаси бўлди. Шунингдек, бу голда техника ҳам ўз ишини бажарди, у орқали арбитр дарвоза тўсини остига йўлланган зарба пастга тушганида дарвоза чизиғини кесиб ўтганини қайд этди.

«Реал» иккинчи бўлимда ҳам мастер-класс ўтишда давом этди, Бензема навбатдаги голини уриб ҳисобни йириклаштирди. Аммо «Шериф» ҳам яна бир бор олқишларга сазовор бўлди. Йўқотадиган нарсаси йўқлигини англаган ҳолда тирасполликлар ҳужумкор ўйин кўрсатишди. «Реал»ни жавоб голларидан фақат Куртуанинг маҳорати ва дарвоза устунлари сақлаб қолди, «Шериф» эса сўнгги тур олдидан плей-оффга чиқиш имкониятини йўқотган бўлса-да, ўзи билан фахрланса арзийди.

«Интер» — «Шахтёр» — 2:0 (Жеко, 61, 67).

Украин клубларининг Чемпионлар лигасидаги бу сафарги иштироки ўта муваффақиятсиз кечди. Киевнинг «Динамо»си ва «Шахтёр» сўнгги турдан олдиноқ ўз гуруҳларида сўнгги ўринда қолиши ойдинлашди.

Киевликлар беш ўйиндан тўрттасида мағлуб бўлишди ва бир очко жамғаришди. «Шахтёр» агар чоршанба оқшомида «Интер»ни сафарда мағлуб этганида, баҳорги ўйинларда қатнашиш имкониятини сақлаб қолган бўларди.

Биринчи бўлим мухлисларга ёқимли лаҳзалар тақдим этди: «Интер» ва «Шахтёр» кўплаб ҳужумлар уюштирди, тўп майдон марказида кўп туриб қолмади ва жамоалар бир-бирининг дарвозаси яқинида кўплаб вазиятлар яратишди. Итальянлар сафида Барелла, Жеко ва Мартинес каби футболчилар голга яқин келди, Перишич дарвозани ишғол этди, аммо офсайддан. «Шахтёр» ҳам икки марта дарвоза соҳасига аниқ зарба йўллади – Ҳанданович бу зарбаларни қайтарди.

Иккинчи бўлимда ҳам шу сценарий давом этди, «Интер»ни дуранг ҳисоб қониқтирмасди ва 61-дақиқада улар барибир ҳисобни очишди. Эдин Жеко рақиб жарима майдонида тўпга эга чиқиб, тўпга бир тегиниш билан кучли зарба йўллаб, Трубинани иложсиз қолдирди. 67-дақиқада ҳам Жеко аниқ ҳаракат қилиб, ҳисобдаги фарқни оширди. У Перишичнинг узатмасидан кейин боши билан дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди.

«Шахтёр» 82-дақиқада гол уриши мумкин эди, аммо Додонинг зарбасидан кейин тўп тушунарсиз ҳолда дарвоза тўрига кирмади. Шу тариқа, украинларнинг бу жамоаси ҳам беш ўйиндан тўрттасида мағлуб бўлиб, 1 очко билан сўнгги ўринда қолди. «Шахтёр» энди сўнгги турда ўз уйида «Шериф»ни енгса ҳам, Европа Лигасига йўлланма ололмайди. Украин жамоалари бу евромавсумда жуда ёмон кўрсаткич қайд этмоқда – 10 ўйин, ғалаба йўқ, икки очко, тўплар нисбати – 2-20.

Конференциялар лигасидаги «Заря» ҳам ўз гуруҳида тўрт турдан кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди ва плей-оффга чиқолмаслиги ойдинлашган.

7 декабрь. «Реал» — «Интер», «Шахтёр» — «Шериф».

Кун статистикаси

  • «Аякс» ЕЧЛ гуруҳ босқичида қаторасига 5 ғалабага эришган илк нидерланд жамоаси бўлди.
  • Фақат 2 футболчи — Икер Касильяс ва Сеск Фабрегас — «ПСЖ» ҳужумчиси Мбаппедан (22 ёш-у 339 кун) ёшроқлигида 50-ўйинларини ўтказган.
  • «Бешиктош» еврокубокларда «Аякс»дан олтинчи бор мағлуб бўлди, Киевнинг «Динамо» клубига қарши ўйинларда ҳам шундай натижа қайд этилган.
  • Марко Ройс Чемпионлар лигасида 55-ўйинини ўтказди — у Дортмунднинг «Боруссия» клубида аввал Лукаш Пишчекники бўлган рекордни янгилади.
  • Пепе «Порту» сафида 200-ўйинни ўтказди.
Top