Спорт | 18:11
5547
3 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Ҳусанов АПЛда трансфер нархи энг кўп ошган футболчилар ўнталигига кирди

Энди у Осиёнинг энг қиммат футболчиси, шунингдек, собиқ совет мамлакатлари орасида энг қиммат АПЛ футболчиси ҳисобланади.

Фото: Tribuna.uz

Transfermarkt портали Англия Премьер-лигаси (АПЛ) футболчиларининг бозор қийматини янгилади.

«Манчестер Сити» ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 15 миллион еврога қимматлади ва энди портал томонидан 50 миллион еврога баҳоланмоқда. Ушбу сакраш туфайли ўзбекистонлик футболчи бозор қиймати энг кўп ўсган АПЛ 10 нафар футболчиси қаторига кирди.

22 ёшли марказий ҳимоячи 2025 йилда Франциянинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити»га ўтган эди. Жорий мавсумда у 37 та ўйинда майдонга тушди. Transfermarkt таърифига кўра, Ҳусанов «инглиз футболига муваффақиятли мослашди ва сўнгги ойларда «шаҳарликлар» таркибида асосий роллардан бирини ўйнади».

Натижада Ҳусанов Осиёнинг энг қиммат футболчисига, шунингдек, собиқ совет мамлакатлари орасида энг қиммат АПЛ футболчисига айланди.

Энг қимматлаган 10 нафар АПЛ футболчиси рўйхати:

  • Эли Крупи («Борнмут») - 70 миллион евро (+30 миллион евро).

  • Райан Шерки («Манчестер Сити») - 90 миллион евро (+5 миллион евро).

  • Нико О'Райли («Манчестер Сити») - 70 миллион евро (+20 миллион евро).

  • Кобби Майну («Манчестер Юнайтед») - 70 миллион евро (+20 миллион евро).

  • Райан («Борнмут») - 60 миллион евро (+20 миллион евро).

  • Эллиот Андерсон («Ноттингем Форест») - 75 миллион евро (+15 миллион евро).

  • Игор Тиаго («Брентфорд») - 65 миллион евро (+15 миллион евро).

  • Абдуқодир Ҳусанов («Манчестер Сити») - 50 млн евро (+15 млн евро).

  • Матеуш Фернандеш («Вест Ҳэм») - 50 миллион евро (+15 миллион евро).

  • Уилям Осула («Ньюкасл») - 28 миллион евро (+13 миллион евро).

Энг қиммат АПЛ футболчилари рўйхатида «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд 200 миллион евро билан биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Айни пайтда Ҳусанов Ўзбекистон миллий жамоаси билан бирга 11 июнь куни старт оладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Гуруҳ босқичида ўзбекистонликлар Португалия, Конго ДР ва Колумбия билан ўйнайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид