Ўзбекистон | 11:14 / 25.11.2021
2009
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида планшет орқали қидирувдаги шахслар аниқланди

Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз ҳудуд» тезкор профилактик тадбир доирасида қидирувдаги шахслар аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Kun.uz’га маълум қилди.

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Зангиота тумани «Назарбек» МФЙда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, 1970 йилда туғилган Ш.Н.га нисбатан 2019 йил 1 август куни Қашқадарё вилояти Китоб тумани ИИБ томонидан қидирув элон қилингани, Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан жиноят содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.

Шунингдек, 23 ноябрь куни Оққўрғон туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори пиёда И.Ш.ни қоидабузарлик содир этгани учун тўхтатиб, электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида қидирувда экани аниқланган. Оққўрғон тумани ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, Оққўрғон туманида яшовчи ушбу шахс мажбурий ижро бюроси томонидан қидирув эълон қилиниб, 2019 йилдан буён вояга етмаган болалари учун алимент тўламасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан қочиб юрган.

Яна бир ҳолатда 23 ноябрь куни ЙПХ инспектори Янгийўл шаҳрида хизмат олиб бораётган вақтида қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Қоидабузарлиги юзасидан электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, мазкур фуқаро ҳам Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди томонидан қидирув эълон қилингани аниқланган. Суриштирувларга кўра, Янгийўл шаҳрида яшовчи 1968 йилда туғилган К.Н. Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми (фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш)да кўрсатилган жиноятни содир этиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.

Ушланган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида улар ҳудудий ИИБга олиб борилган.

Мавзуга оид