Жамият | 09:45
937
1 дақиқада ўқилади

Халқаро қидирувдаги фуқаро Варшавадан Тошкентга олиб келинди

Интерполнинг қизил билдиришномаси асосида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Полша билан ҳамкорликда мамлакатга қайтарилди. Қайтариш жараёни Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси, икки давлатнинг тегишли идоралари ҳамда Интерпол миллий марказий бюроси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Фото: д

Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Ф.В. Полша пойтахти Варшава шаҳридан Тошкентга олиб келинди.

Фуқаронинг Ўзбекистонга қайтарилиши мамлакатнинг Полшадаги элчихонаси томонидан кўрилган ташкилий-дипломатик чора-тадбирлар, шунингдек Полша Адлия вазирлиги билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида амалга оширилди. Қайтариш операцияси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Интерпол миллий марказий бюроси томонидан ташкил этилди.

Маълум қилинишича, 1988 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Ф.В. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича айбланиб, Интерполнинг қизил билдиришномаси асосида халқаро қидирувга берилган.

Фуқаро Интерпол ходимлари ҳамроҳлигида Варшавадан Тошкентга олиб келинди.

Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси маълумотига кўра, мазкур амалиёт хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қидирувдаги шахсларни ватанга қайтариш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар натижаси ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид