22:26 / 26.11.2021
2760

Навоий вилояти ҳокими Қозоғистонда ўтказилаётган ҳамкорлик форумида иштирок этмоқда

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Ўзбекистон-Қозоғистон Ҳудудлараро ҳамкорлик форумида иштирок этиш мақсадида мамлакат делегацияси билан бирга Туркистон шаҳрида бўлиб турибди. Бу ҳақда Kun.uz'га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Форумда Навоий вилояти раҳбари сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда трансчегаравий ҳудудлар намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган. Навоий вилоятининг қозоғистонлик ҳамкорлар билан барча йўналишлардаги икки томонлама муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўн ойида Навоий вилояти корхоналарининг Қозоғистон компаниялари билан ташқи савдо айланмаси 2020 йилда товар айирбошлаш ҳажмига нисбатан 20 фоиздан кўпроқ, маҳсулот экспорти 2 баробар, импорти эса 1,1 баробар ўсган.

Вилоят ҳудудида Қозоғистон сармояси иштирокидаги 10 та корхона фаолият юритмоқда. Улар асосан тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишлардан иборат. Қозоғистондаги 3 та савдо уйида эса Навоий вилояти корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Форум доирасида 5 та қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан экспорт шартномаларини имзолаш бўйича ҳамкорлар билан келишиб олинган.

Маълумот учун, бугунги кунда Навоий вилоятида 40 минг нафарга яқин қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади ва бу энг катта диаспора ҳисобланади. Вилоятнинг Учқудуқ, Томди ва Конимех туманлари Қозоғистон Республикаси Қизилўрда вилоятининг Қармақши ва Шиели, Туркистон вилоятининг Шардара туманлари билан чегарадош бўлиб, умумий чегара 620 километрни ташкил этади.

Top