Жамият | 13:58
784
2 дақиқада ўқилади

Навоийнинг ҳам айрим ҳудудларида боғчалар вақтинча ёпилди

Учқудуқ, Нурота, Томди ва Конимех туманларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти 17 июлгача тўхтатилди. Боғчалар 20 июл, душанба кунидан одатий тартибда иш фаолиятини давом эттиради.

Фото: Kun.uz

Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида боғчалар фаолияти жазирама сабабли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, маҳаллий ҳокимларнинг фармойишига асосан 4 та туманда боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилган.

14 июлдан 17 июлга қадар қуйидаги ҳудудларда давлат боғчалари ишламайди:

·                 Учқудуқ тумани;

·                 Нурота тумани;

·                 Томди тумани (2-, 4-, 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари);

·                 Конимех тумани (1-, 2-, 3-, 4-, 5-, 6-, 7-, 8-, 9-, 10-, 11-, 13-, 14-, 15-, 16- ва 17-сонли боғчалар).

Ушбу қарор болаларни аномал иссиқнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш ва улар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани билдирилган. Мактабгача таълим ташкилотлари 20 июл (душанба) кунидан одатий тартибда ўз фаолиятини давом эттиради.

Бошқарма вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги давлат боғчаларида ўрганиш ишлари давом этаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ иссиқ туфайли Қорақалпоғистондаги боғчалар вақтинча ёпилганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид